Ўсимликларнинг тарқалиш усулларидан бири уруғининг сочилишидир. Паррандалар ўзидан насл қолдириш учун тухумларни очиб чиққанидай, ўсимликлар ҳам уруғ етиштиради.
Уруғ ҳосил бўлиши учун ўсимликларнинг гули (тўпгули) чангланган бўлиши керак. Уруғлар пишиб етилгач, дам олиш даврини ҳам ўташи керак бўлади. Даврнинг давомийлиги уруғлар турига боғлиқ. Айрим уруғлар қиш даври ўтмагунча, кўкармайди.
Уруғ униши учун кислород ва иссиқлик керак. Ёруғлик ҳам унинг ўсишига ёрдам беради. Агар маълум бир вақт ичида у кўкариб чиқмаса, чириб кетади. Уруғни келгуси экиш пайтигача маълум бир температурада ва қуруқ жойда сақлаган маъқул.
Уруғларнинг ўлчами, шакли ва ранги турличадир. Турли ўсимликларнинг уруғи турлича тузилмага эга. Айрим уруғларнинг ичида майдагина ўсма бор. Ўраб турган озуқа муҳити унга униб чиқаётганида, то ўз илдизи ҳосил бўлмагунча, мустақил равишда озиқланиш имконини беради.
Агар уруғ экилгунга қадар етарли намлик, кислород ва иссиқлик олган бўлса, албатта, униб чиқади. Етарли даражада намлик олганидан сўнг уруғ ўса бошлайди. У дастлаб сувга бўкади, кимёвий таркиби ўзгаради, уруғ ҳужайраларида ҳаёт уйғонади ва ундан кичик ниҳол пайдо бўлади. Уруғнинг асосий қисми ўсимликка айланади. Унинг пўсти ажралади, ўсимлик ўсиб чиқади, балоғат ёшига етади ва янги уруғлар бера бошлайди.
Уруғларнинг ўлчами катта ва кичик бўлади. Бегония ўсимлигининг уруғи шу даражада кичикки, худди чанг заррасига ўхшайди. Кокос пальмаси уруғининг оғирлиги эса 18 кг. гача етади. Айрим ўсимликларнинг уруғи 20 тадан ошмайди. Шу билан бир вақтда ўрик, олча, заранг каби дарахтлари минг-минглаб уруғга эга бўлади.
Уруғлар турли йўллар билан тарқалади. Айрим уруғлар, масалан, сариқчойнинг уруғини ҳайвонлар териси ёки лой билан бирга туёқларига илаштириб, бошқа жойларга олиб кетади. Мевали дарахтларнинг уруғини инсон ёки ҳайвонлар тарқатиши мумкин. Айрим уруғларнинг қаноти бор, уларни шамол тарқатади, бошқаларини эса сув олиб кетади. Шундай уруғлар ҳам борки, уларни она ўсимлик милтиқдай отади.