Ислом дунёга келмасидан минг йиллар илгари юнонларга тобе мамлакатлар каби Юнонистон ҳам илму-маърифатнинг ўзига хос маркази бўлган. Рим империяси даврида ҳам ўзининг Маданий марказлик мавқеини сақлаб қолди. Аристотел (Арасту), Птолемей (Батлимус), Архимед каби файласуф ва математиклар Коинотнинг тузилишини шарҳлаб бердилар. Гиппократ (Буқрот) ва Гален (Жолинус) каби алломалар табобат соҳасида китоблар ёздилар.
Уларнинг илмий ишларини, юнонлар, римликлар ва византияликлар авайлаб асрашган, қайта кўчиришган. Аммо уларнинг кўпчилиги ўз ватанларида даҳрий деб эълон этилганлиги боис Форс мамлакатига қочиб кетдилар. Форслар юртида, яъни Шарқда юнон донишмандлиги ҳинд ва хитой фалсафаси билан бирлашиб, янада юқорироқ поғоналарга кўтарилди.
Биз ҳар куни муомалада бўладиган сон ва рақамлар, бизнинг наздимизда энг ишончли ва жўн нарсалардек туюлади. Бироқ Рим империясининг рим рақамлари ва ҳисоблаш тизими бутунлай бошқача ва ўта ноқулай эди. Масалан CIX ва IX ни бир-бирига қўшиб CXIII ни чиқаргунча 109 га 54 ни қўшиб 163 га эга бўлиш минг карра осонроқда! Мана шу бизлар ҳозиргача фойдаланадиган ажойиб саноқ тизими айнан мусулмон олимлари томонидан такомиллаштирилгандир.
Аниқроғи, бундай рақамлар Ҳиндистонда ўйлаб топилганди, бироқ улар Европага айнан араб илму фани туфайли кенг ёйилди. Бир пайтлар уларни 9 асрда яшаб ўтган ўзбек математиги Ал-Хоразмий шарафига «алгоритмлар» деб ҳам аташган. Бундай қулай саноқ тизими араб олимларига жуда мураккаб математик ҳисоб-китобларни ҳам амалга ошириш имкониятини берарди.
Мусулмон алломалари астрономия соҳасида ҳам улкан кашфиётларни амалга оширдилар, айниқса улар томонидан астролябия асбобининг кашф этилиши, денгизчилар учун бениҳоя улкан муваффақиятлар келтирди.
Ўрта аср араб олимлари орасида ниҳоятда забардаст донишмандлар, мутафаккирлар ҳам жуда кўп бўлган. Ибн Сино (Европада уни Авиценна деб аташади) 980 йили Бухоро яқинида дунёга келган. У табобат, математика, астрономия, иқлимшунослик ва фалсафа илмлари билан шуғулланган. Ибн Сино битган китоблар орқали европаликлар мусулмон олами табобатидан, аниқ фанлар илмидан воқиф бўлдилар. Унинг табобат борасида ёзган «Ал-Қонун» ёки «Табобат илми қонунлари» китоби ўрта асрларда энг кенг тарқалган қўлланмалардан бири эди. Мазкур асарида Ибн Сино жуда кўп оғир хасталикларнинг белгиларини тавсифлайди, шунингдек, араб олимлари томонидан қўлланиладиган 760 дан ортиқроқ турли дори-дармонларнинг рўйхатини келтиради.
Ар-Розий (Европада уни Разес деб аташган) 900 йилларда Бағдоддаги шифохонада беморларни даволаган табиб бўлиб, у ўз даврида дунёдаги энг зўр шифокор саналган. У турли касалликларни даволашнинг янги ва самарали усулларини ишлаб чиққан ва муфассал табобат қомусини яратган.
Ал-Маъсудий Х асрда Мисрда яшаган. У табиий фанлар билан шуғулланган. География, геология, биология соҳаси бўйича илмий асарлар битган. Дарвиндан 900 йил илгари эволютсия қонунини кашф этган. Айни пайтда у буюк сайёҳ ҳам бўлган, ўзининг 30 жилдлик қомуслар мажмуасида ўзи бўлган барча мамлакатларни батафсил таъриф ва тавсифланган.