Торф нима?

Торф — кўмир эмас. Уни кўмир олиш жараёнининг босқичи деб аташ мумкин.

Кўмир миллионлаб йил бурун ботқоқзор чакалакларда, иссиқ, зах минтақаларда ўсган қадимий дарахт ва ўсимликларнинг қолдиғидир. Бу дарахт ва ўсимликлар давр ўзгариши билан ботқоқзор сувлари ичида қолиб кетган. Дарахт ёғочлари чириши жараёнида бактериялар ажратиб чиқарган газлар учиб кетади ва қоп-қора аралашма пайдо бўлади, унинг асосий қисмини углерод ташкил этади. Вақт ўтиши билан хас-чўп ва қум босими остида аралашма суюқлиги қурий боради, елимшак масса қаттиқлашиб, кўмирга айланади.

Бу жараён минг йил ичида бўлиб ўтади. Кўмир пайдо бўлиши жараёни босқичларини ҳозирги кунда ҳам кузатиш мумкин. Мавжуд ботқоқликларда торф ҳосил бўлади.

Ботқоқликлардаги ўсимликлар чириши жараёнида жуда кўп миқдорда углерод ажратади. Бу жараён бир неча йил давом этгач, шох-шабба ва баргларнинг жигарранг аралашма массаси ҳосил бўлади. Ана шу торфдир. Агар ўша ботқоқликдан сув ҳайдаб чиқарилса, торфни бўлаклаш ва ёйиб қуритиб, сўнгра ёқиш мумкин.

Қуритиш зарурий ҳол, чунки торфнинг тўртдан уч қисми сувдан таркиб топган. Торф кўп, аммо кўмир қиммат бўлган Ирландияда фермерларнинг ярмидан кўпи ёқилғи сифатида торфдан фойдаланишади.

Кўмирнинг қолган тури торфнинг ҳосила қисмидир. Агар торф пайдо бўлган жойида қолдирилса, у бора-бора лигнит (паст навли қўнғир тошкўмир) ёки қорамтир тошкўмирга айланади. У торфдан кўра анча қаттиқ, аммо юмшоқ бўлганидан узоқ масофаларга ташиш пайти уваланиб кетади.

Кўмирнинг яна бир тури битумли (углеводороддан иборат смолали моддаларнинг умумий номи) ёки юмшоқ кўмирдир. У минг йил ичида, кимёвий ўзгаришлар оқибати ўлароқ лигнитдан ерда ҳосил бўлади. Бу кўмир оиласининг энг муҳим аъзосидир. У осон ёнади ва кўп миқдорда учрайди.

Агар битумли кўмир ерда ўрнашган бўлса ва етарлича босим берилса, у аста-секин қаттиқ кўмирга ёки антрацит (тошкўмирнинг энг яхши нави)га айланади. У тутун чиқармайди ва битумли кўмирдан кўра узоқ ёнади.

Ўхшаш мақолалар: