Балки сиз сувга яшириниб турган тимсоҳни ва ундан ваҳимага тушиб, тумтарақай бўлиб қочаётган одамларни киноларда кўрган бўлсангиз керак. Тимсоҳлар, ҳақиқатан ҳам ёнидан ўтаётган одамлар учун шу қадар хавфлими?
Нима десангиз денг-у, лекин бу ҳақиқат: тимсоҳлар кўзойнакли илонни истисно этганимизда, бошқа ҳайвонлар барчасига нисбатан одамларга кўп кулфат етказади. Айрим турлари, масалан, Африка тимсоҳи шўр сувда яшайди ва одамхўр. Маҳаллий одамлар ва ҳайвонлар мана шу рептилияни кўрганларида тиззаси қалтирай бошлайди. Уларнинг айрим ваҳший қонхўрлари нафақат олдидан ўтаётган одамга, балки унинг орқасидан қувиб бориб чанг солади ва ўлжаси билан сувга қайтиб келади.
Аллигаторлар ва тимсоҳлар — кўп асрлар бурун Ер юзига тарқалган ва бўйи 24 метр бўлган қадимий динозаврларнинг, улкан калтакесакларнинг бевосита авлодидир.
Ҳозирги пайтда аллигаторлар ва тимсоҳлар мавжуд рептилияларнинг энг йирик вакилларидир, уларнинг айримларининг бўйи 7 метрга етади. Улар бир оилага мансуб ва бир-бирига жуда ўхшашдир. Аммо фарқлар ҳам бор: аллигаторнинг боши кенг ва ясси, тимсоҳники эга ингичка ва чўзинчоқ. Аллигаторлар тимсоҳлардан кўра вазмин ва суст ҳаракатлидир.
Улар бурни, кўз ва елкасини сувдан чиқариб, кўп вақтини сувда ўтказади. Рептилиянинг болалари оқ чўзинчоқ тухумларни очиб чиқади. Урғочиси барглардан қилинган уясига 20 тадан 90 тагача тухум қўяди. Бу ерда уларни қуёш иситади.
Она рептилия яқин атрофда кутиб туради ва болалари очиб чиқишига кўмаклашади. Рептилияларнинг аксарияти ҳеч қандай овоз чиқармайди, тимсоҳ ва аллигаторлар паст ва чўзинчоқ наъра тортиб қўяди.
Аллигаторлар Америка ва Хитойнинг иссиқ минтақаларида яшайди, тимсоҳлар эса Африка, Осиё, Австралия ва Америкада ҳаёт кечиради. Юз йилча бурун аллигатор терисидан чиройли сумкалар, кармонлар, қайиш ва туфлилар тикиш маълум бўлди. Оқибатда аллигатор ноёб ҳайвонга айланди.