Суворий ҳашаротлар нимаси билан фойдали?

Бу савол кимларгадир кулгили туюлиши мумкин, аммо кулишга шошилманг. Фақатгина от чоптирадиганларни суворий дейишмайди. Айни ўринда гап бошқа суворийлар ҳақида бормоқда.

Қачонлардир боғингизда мана шундай манзарани кўрган бўлсангиз керак: капалак қурти шохда ўрмалаб юрибди, тўсатдан унинг устига шишадай тиниқ қанотлари ҳилпираб турган, узун ингичка танаси ва қорни ортида узун ўткир найзаси бўлган кичкина ҳашарот учиб келади. Капалак қурти жадалроқ ўрмалай бошлайди, аммо ҳужумдан қутулолмаслигига кўзи етгач, душманини қўрқитиш учун бошини кўтариб, оғзидан кўпикли қуюҳ суюқлик пуркайди. Бу ҳам ёрдам бермайди. Ҳашарот ўзини четга олади, сўнг эпчиллик қилиб, капалак қурти елкасига сакрайди ва унга уткир найзасини суқиб олади. Ана шу дақиқаларда ҳашарот отини эгарлаган суворийга ўхшаб кетади. Аён булиб турибдики, айни ҳолат бу ҳашаротнинг суворий, деб аталишига асос бўлган.

Иш тамом. Капалак қурти типирчилай олмайди, суворий ундан сакраб тушади ва бошқа капалак қуртларини қидиришга тушади. Суворий капалак қуртини дарров ўлдирди, деб ўйлаган бўлсангиз, янглишасиз. Капалак қурти бир қанча вақт ўтгач, жонга кириб, ўз йўлида давом этади. Аммо ўсимликларга кўп вақт озор беролмайдиган бўлиб қолади. Чунки айни дамда суворий унга ўз тухумини қўйиб кетган бўлади. Тухум капалак қуртида ривожланиб бораверади ва уни ҳалок этади. Капалак қурти ўлгач, личинкалардан янги суворий пайдо бўлади. У табиатда мавжуд энг фойдали ҳашаротлардан биридир. Уларнинг ўлчами ҳар хил бўлади: 5 сантиметр келадиган (бундай суворийларни эфиальт ёки рисса дейишади) девқоматларидан тортиб, узунлиги 3 миллиметр чиқадиган (масалан, афелин) миттиларигача бор.

Суворийларнинг ҳар иккиси ҳам фойдали ҳашарот, чунки улар ўз тухумларини зарарли ҳашаротлар танасига қўйиб, бирданига бўлмаса-да, аста-секин барибир ўлдиради.