«Шайтон салтанати» қаерда жойлашган?

Ҳамма бир оғиздан, дўзахда-да, деб жавоб бериши турган гап. Дўзах қаерда эканини эса ҳеч ким айтиб беролмаса керак. Аммо Ерда, тўғрироғи, чуқур сув остида шундай жойлар борки, унга борган киши, мана сизга дўзах, шайтон салтанати, деб хитоб қилиб юбориши ҳеч гап эмас. Бундай жой Эквадор соҳили ва Галапагос ороллари ўрталигидаги 2000 метр чуқурликда жойлашган. Бундай ҳаёт қайнайдиган воҳаларда ғалати жониворлар бор.

Одатда, океан тубига тушиб борилган сари озуқа йўқлиги сабабли ҳаёт нишоналари камайиб кетаверади. Чунки Ердаги тирикликнинг бош манбаи бўлмиш яшил ўсимликлар фақат сувнинг юқориги юз метрлик қатламида униб-ўсади.

Галапагос ороллари ёнидаги ҳаёт ҳақиқатан ҳам чашмадай жўш уради. Негаки, у ерда қайноқ сув булоқлари бор. У сув тубидаги ёриқлардан эмас, ундан 15 метр кўтарилган баланд қинғир-қийшиқ қувур оғзидан отилиб чиқади. Бу машъум қувур оғзидан доимо 15 метргача борадиган қора булутлар тўдасини уфуриб тургани учун ҳам «қора кашанда» деб ном олган. Бу минтақага батискаф ёрдамида шўнғиган океанавтлар ўз батискафларини сирли равишда дўзахга тушиб қолган бўлса керак, деб ўйлашлари мумкин.

«Кашандалар» чиқараётган сув жуда ғалати. Унинг температураси 350—360 даражага етади. Унинг таркибида оддий денгиз сувида учрамайдиган водородсульфид эритмаси бор. Олтингугурт ва бошқа моддалар совиётиб, отилиб чиқаётган паға-паға сувни қорайтириб юборади. Қувурнинг ўзи ҳам ундан чиқаётган сув таркибидаги моддалардан ҳосил бўлади.

Нима учун «қора кашандалар» атрофида воҳалар пайдо бўлади? Чунки жониворлар ўсиб-униши ва кўпайиши учун иссиқ сувнинг ўзи кифоя қилмайди, бунинг учун яхши озуқа ҳам керак. Аниқланишича, водородсульфид воҳадаги ҳаёт манбаи экан. Унга кислород қўшилганда, кўплаб энергия ажралиб чиқади. Бу энергия воҳада яшовчи жониворлар учун у ерга етиб бора олмайдиган Қуёш нури вазифасини ўтар ва органик моддаларнинг синтезланиши учун шароит яратиб берар экан.

Бундай воҳалар сайёрамизнинг тирик мавжудотлар Қуёш сийловига муҳтож бўлмаган ягона минтақасидир. Барча жонзот учун заҳарли бўлган водородсульфид у ерда ҳайвонлар учун қулай яшаш шароити яратиб беради.