Сатурн ҳалқалари нима?

Осмонни биринчи бўлиб телескоп ёрдамида тадқиқ қилган буюк итальян олими Галилео Галилей 1610 йилда Қуёш системасида сайёралардан бири Сатурн — Зуҳалнинг қизиқ бир хусусиятга эга эканини кузатди. У Зуҳалнинг икки ёнида қандайдир бўртиклар мавжудлигини кўрди.

1655 йили нидерланд олими Кристиан Ҳюйгенс Галилейникига нисбатан кучлироқ телескоп ёрдамида Зуҳални тадқиқ қилди. У кузатган манзара шу даражада ҳайратланарли эдики, олим кўрган нарсаси ҳақида бировга оғиз очишдан ҳам қўрқиб кетди. Шунинг учун у ўз кузатишларини махсус шифрлар ёрдамида кундалигига ёзиб қолдирди. Кейинчалик кундалик ўқилганда, шундай сатрларга дуч келинди: «Қуёш бир йилда айланиб чиқадиган фазовий доира — эклиптикага қиялаган Зуҳал ўз юзасига тегмайдиган юпқа ва ясси ҳалқа билан ўралган».

Илк кузатувчиларни бениҳоя ҳайратга солган Зуҳал ҳалқалари шу кунгача Қуёш системасининг энг катта жумбоқларидан бири бўлиб қолмоқда. Бундай ҳодиса Коинотнинг ўрганишга имкон етадиган бошқа бирор ерда учрамайди.

Албатта, Галилей кашфиётидан сўнг одамлар Сатурнни обдон ўрганишди. Зуҳал Қуёш системасида катталиги жиҳатидан Муштарийдан сўнг иккинчи ўринда туради. Унинг Қуёш атрофида айланиб чиқиш даври 29,5 йилга тенг. Зуҳал атрофида айланадиган 10 та йўлдош бор. Сайёра юзаси телескоплар ёриб ўтолмайдиган атмосфера билан қопланган. Унинг қобиғи турли металл — маъданлар минералидан иборат бўлса ажаб эмас.

Лекин, барибир, Зуҳалнинг ўзига хос хусусияти унинг сирли ҳалқаларидир. Асосий уч ҳалқа айнан бир хил текисликда жойлашган ва бу сайёра экватори текислигига тўғри келади. Ҳалқаларнинг ташқи диаметри, тахминан, 300 000 км.

Ҳалқаларнинг энг ёрқини ўртадагисидир. Уни ташқи ҳалқадан эни 2900 км бўлган оралиқ масофа ажратиб туради. Ички ҳалқа жуда хира кўринади. Космик йўлдошларга ўрнатилган асбоб ёрдамида, бу уч ҳалқадан ташқари яна бир неча ташқи ҳалқалар ва битта ички ҳалқа борлиги ҳам аниқланди. Ташқи ҳалқалар зўрға кўринади. Ички ҳалқа эса, тахминан, Зуҳал атмосферасида сузиб юрган булутлар баландлигида жойлашган.

Зуҳал ҳалқалари ўлчами заррадан тортиб 1 км ва ундан катта миллиардлаб қаттиқ жисмлардан иборат, улар Қуёш нурини ўзида акс эттиради. Бу жисмлар айлана орбита бўйлаб ҳаракат қилади ва бир-бири билан тўқнашиб кетмайди. Зуҳалнинг Ердан кўринадиган ҳалқалари ва космик аппаратлар ёрдамида кашф этилган янги ҳалқалар юзлаб нисбатан энсизроқ «ҳалқачалар»дан ташкил топган. Ҳалқаларнинг қалинлиги 1,3 км. дан 20 км.гача етади.