Маълумки, қадимги Миср барча даврлар ва халқларнинг энг юксак цивилизацияларидан эди. Одамлар кўп вақтдан буён қадимги Миср обидалари, иморатларини, шунингдек, турли-туман хазиналарини қазиш ишларини олиб бормоқдалар. Бинолардан ва бошқа буюмлардан номаълум ёзувларни топганлар, бироқ уларни ҳеч ким ўқий олмаган. Гўё бу сирнинг тагига етиб бўлмайдигандек эди.
Қадимги юнонлар бу битикларни Миср коҳинлари диний мақсадларда яратганлар, деб ишонишар, шу боис уларни иероглифлар, деб аташганди. Бу сўз таржима қилинганда, «муқаддас белгилар», деган маънони англатарди. Битикларнинг бундай турлари иероглифлар сифатида машҳур бўлиб кетди.
Юнонлардан сўнг, то 17 асрга қадар бу битикларни ўқишга жиддий киришилмайди. 17 асрда кўплаб олимлар ушбу муаммо билан шуғулланишга киришдилар, бироқ бирон-бир натижага эришмадилар. Кейинчалик, 1799 йили буюк кашфиёт амалга оширилди: Нил дарёси қуйилишида бир қора базалт тахта топилди. Бу тахта у ерда юзлаб йиллар ётган эди. Розетт шаҳри яқинида топилгани учун унга Розетт тоши деган ном берилди.
Розетт тошининг нодирлиги унга номани уч тилда ўйиб битилганидадир. Бир нома юнон тилида, иккинчиси — иероглифлар, учинчиси — миср ёзувининг сўнгги шаклларидан, тез ёзув деб аталган қисқартма иероглифлар эди.
Шундан сўнг бу битикларни ўрганишга узоқ йиллар уринилди. Юнонча матнни ўқиб, тушуниш мумкин эди. Ниҳоят, уни қолган матнлар билан қиёслангач, иероглиф ёзувининг асрлар давомида яширин қолиб келган сири очилди. Бу ишни ёш француз Жан-Франсуа Шамполон амалга оширди.
Натижада тарихчилар мисрликларнинг эрамиздан аввалги 3500 йилгача бўлган ҳаёти, урф-одатлари ва диний маросимларини ўрганиш имкониятига эга бўлдилар. Иероглифлар миср ёзувининг энг қадимий шакли ҳамда инсониятга маълум бўлган илк ёзув тизимларидан бўлгани учун ҳам шундай шароит яратилди.
Аслида булар — расм-битиклардир. Ҳар бир расм бир буюмни англатади. Вақт ўтган сайин бу ёзув ривожланиб, кейинчалик мисрликлар тушунчаларни, товуш ва сўзларни ёза бошладилар.