Лотинлар Рим шаҳрида ва унинг атрофида яшашган. «Рим» сўзи (лотинча «Рома») этрускларга оид. Шаҳарнинг илк тарихи ўша давр Италиясининг тарихи мураккаб бўлганидан гувоҳлик беради. Римда подшолар — дастлаб сабинлардан бўлганлари, сўнг лотинлардан бўлганлари, кейин яна сабинлардан бўлганлари ҳукмронлик қилишган. Сўнг, бирин-кетин уч этруск подшолари ҳукмфармо бўлишган. Римликларнинг ўзлари шаҳарга эрамиздан аввалги 753 йил 21 апрелда асос слоган. Ромулни биринчи ҳукмдори ёки подшолари деб ҳисоблашади. Сизлар эгизак Ромул ва Рем ҳақида ўқиган бўлсаларингиз керак. Ривоятларга кўра, уларни саватга солиб, Тибр дарёсига ташлайдилар. Уларнинг ўлими гўё муқаррар эди. Бироқ дарё тўлқини саватни қирғоққа чиқариб ташлайди. Уларни урғочи бўри боқиб, катта қилади. Кейинчалик Ромул, баҳслаша туриб, укаси Ремни ўлдириб қўяди.
Даставвал Рим шаҳри Тибр дарёси устида ястаниб ётган етти тепалик: Квиринале, Виминале, Эсквинил, Селин, Авентин, Палатин ва Капитолийда қурилган алоҳида посёлкалардан иборат бўлган. Этрусклар бу посёлкаларни биринчи чинакам шаҳар қилиб бирлаштирган. Тепаликлар оралиғидаги водийларда уйлар, дўконлар, устахоналар қурилган. Тибр кенгайиб бораётган шаҳарни денгиз билан боғлайди. Бу эса Италиянинг қолган қисмлари ва бошқа мамлакатлар билан савдо-сотиқни осонлаштирган. Кейинчалик Тибр мансабида Остия порти қурилган.