Ўрмон лойхўраги кўп йиллардан буён олимлар диққатини ўзига тортиб келмоқда. Яшириниш бўйича ўрмон лойхўрагига тенг келадиган қуш топилмайди. Унинг патларини кўриб, ниқобга халтанинг нақ ўзи дейсиз. Оқ ва қора холли, қўнғир тусли патлари елкасини ва қанотларини ўраб олган. Бу олачипорлик қушчани барглар ва майсаларга қопланган ўрмоннинг тўшалма манзарасида билдирмай қўяди. Унинг қаерда турганини билсангиз ҳам, кўзингизга ярқ этиб кўринавермайди.
Кўкрагини кулранг патлар қоплаб олган, қанот ости патлари сариқ-қизғиш тусда. Шунинг учун ҳам ўрмон лойхўраги кутилмаганда эртаклардаги олов гулчадек учиб келади. Унинг кўзлари ҳам ғалати: ҳаммаёқни бирдай кўра олади. Бунинг учун у бошини қимирлатиши шарт эмас. Ўрмон лойхўрагининг чиройли кўзлари перископ (пана жойдан туриб кузатишга мосланган кузатув асбоби)га ўхшайди. Кўриш аъзоларининг ичкарида, елкасида жойлашгани билан ўрмон қушчаси бир вақтнинг ўзида олди ва орқасини назорат эта олади.
Табиат ҳайвонот оламининг айрим вакилларига ана шундай жумбоқ ва қобилиятни инъом этган. Бу қушнинг ғайриоддий томонлари ҳақида гапирар эканмиз, ажойиб тумшуғи ҳақида тўхталмасдан иложимиз йўқ. Тумшуғи ҳам кўзи каби мукаммал асбобни эслатади. Ўрмон лойхўраги, одатда, оқшомлари овқатланади. Улар ўрмон тўшамаси устида тентираб, ҳар хил личинкаларни саралайди. Тупроқ қуртлари уларнинг суйган таомидир.
Ўрмон лойхўраги қулай жойга тумшуғи-найини тупроққа тиқиб, кўзи тушган чувалчангни олмагунча қўймайди. Тумшуги ҳақиқий жонли пинцет бўлиб, жуда сезгирдир. Унинг юқори қисмида мўъжаз каваги бор, ана шунинг шарофати билан найини тупроққа тиқади ва қисиб олади. Ўрмон лойхўраклари биргина Россияда эмас, Америка қитъасида ҳам яшайди. Улар, айниқса, АҚШ ва Канада шимолида кўп учрайди.