Қурбақа ва чўлбақаси ўртасида қандай фарқ бор?

Одамлар қурбақа ва чўлбақаси уртасида фарқ борлигини билишса, ҳайрон қолиши табиий. Гарчи маълум фарқлар бўлса-да, асосий аломатлари бир хил. Улар совуқ қонли ҳайвонлар гуруҳига мансуб бўлиб, ҳам ерда, ҳам сувда яшай олади.

Уларнинг айримлари шу қадар ўхшашки, уларнинг қайси бири қурбақа-ю, қайси бири чўлбақаси эканини билмай қоласан киши. Қурбақалар лўппи ва силлиқ, узун ва нозикдир. Чўлбақаларининг кўпчилиги қуруқ, сербуқоқ ва миқти бўлади. Кўп қурбақаларнинг тиши бор, чўлбақасиники эса йўқ.

Амфибияларнинг аксарияти тухум қўяди, бу жиҳатдан қурбақалар ва чўлбақалари бир-бирига ўхшашдир. Уларнинг тухуми сув юзида қалқиб турган елимшак модданинг лой доғларини эслатади. Уруғлардан амфибиялардан кўра кўпроқ балиқларга ўхшайдиган кичкина итбалиқ пайдо бўлади.

Итбалиқлар ойқулоғи ёрдамида нафас олади, уларнинг узун думи бўлади, аммо оёғи бўлмайди. Тухумдан итбалиқнинг очиб чиқиши 3 кундан 25 кунгача вақтни олади. 3—4 ой ўтгач, унинг ойқулоғи ва думи йўқолади. Айни вақтда унинг оёғи ва ўпкаси шаклланади. Итбалиқ бир ёшга яқинлашганда етилган ҳисобланади. Бу жониворлар 30—40 йил умр кечиради.

Чўлбақаси қурбақага нисбатан кам тухум қўяди. Бир йилда 4—12 мингта, ҳўкиз қурбақа модаси бир мавсумда 18 000 дан 20 000 гача тухум қўяди!

Чўлбақасининг тухумни очиб чиқишда эркаги муҳим ўрин тутадиган турлари бор. Европада яшайдиган бир чўлбақасининг эркаги ердаги уясида, тухумлар очилмагунча, уларни панжаси олдида айлантириб ўтиради. Шунда у яна болаларини сувга бошлаб боради.

Жанубий Америкада яшайдиган чўлбақасининг тухуми ота-онасининг елкасидаги чуқурчада очилади. Бу чуқурча суюқлик билан тўлдирилган ва тери билан қопланган. У итбалиққа айлангунга қадар шу ерда кун кечиради.

Мўътадил иқлимда яшовчи чўлбақалари одатда, пушти ёки оч сариқ тусда бўлади. Тропикларда эса уларнинг ранги жуда ёрқиндир. Уларни қўлга олиш мутлақо хавфсиздир.