«Бахт қуши» борми?

Ғарб халқларининг «бахт қушининг ортидан тушиб», деган ибораси «бахт қидириб» деган маънони ташийди. Россияда бахт қуши тимсоли XX аср бошларида бельгиялик ёзувчи М. Метерлинкнинг «Бахт қуши» («Синяя птица») пьесаси шарофати билан маълум ва машҳур бўлди.

Бахт қуши гўзаллик тимсоли, етиб бўлмайдиган орзуга айланди. Етиб бўлмаслигига табиатда бахт қушининг умуман мавжуд эмаслиги сабабчидир. Адолат юзасидан айтишимиз жоизки, Ғарбий Европа халқларида унинг номи ранги билан боғлиқ эмас, шунинг учун ҳам Метерлинк руслар назарда тутадиган кўк (уни бизда кўк каптар дейди) қуш борлигини билмаган. Аммо айнан шундай ном билан юритилувчи қуш бор. У қораялоқлар оиласининг чумчуқлар гуруҳига мансуб бўлиб, Жанубий ва Ўрта Осиёда, Ҳимолай ва Тангритоғда яшайди. У қораялоққа ўхшайди, аммо думи ва оёқлари узун. Танасининг узунлиги 35 сантиметр келади, патлари кўкдан кўра товланувчан тўқ сиёҳ ранг бинафша тусда.

Кўк каптарлар кузда асосан наъматак, дулана, ёввойи узум, тут уруғи ва мевалари билан овқатланади. Йилнинг бошқа вақтларида личинка, моллюска ва ҳашаротларни ейди.

Кўк каптарлар тоғлар дарасини, кўллар, дарёлар ва ариқлар бўйида яшашни маъқул кўради. Улар чўмилишни ниҳоятда хуш кўради, сувдан чиққач, бошқа паррандалар сингари ўзларини силкитмайди, патлари қуригунча тошлар устида юради.

Қушларнинг ҳар бир жуфти ўз дарасига эга бўлади, шу ердан уя ўяди, уясига юмшоқ илдизлар, мох тўшайди ва унга бегоналарнинг яқин келмаслиги учун зийраклик билан кузатади. Нафақат бегоналарни, балки ўз болаларини ҳам бошқа дарадан жой топиши учун қувиб юборади.