Фанда турли кашфиётлар қилинган. Айрим табиат ҳодисалари лаборатория шароитларида такрорланмоқда. Аммо протоплазма такрорлаб бўлмайдиган ёки сунъий равишда қайта ҳосил бўлмайдиган моддадир. Протоплазма барча жониворлар ва ўсимликларнинг тирик қисмидир.
Барча ўсимлик ва жонивор организмлари ҳужайралардан таркиб топган. Айрим мавжудотлар, жумладан, одам танасида миллионлаб ҳужайралар бор, аммо бошқа бир мавжудотлар, масалан, протозоа фақат бир ҳужайрадан таркиб топган. Кит, одам ва атиргул организми ҳужайрасида бир хил модда — протоплазма бор.
Ҳужайра протоплазмаси, асосан, икки қисмдан иборат. Марказий, зичроқ қисми — ядро, иккинчи, нисбатан юмшоқ ва суюқ қисми цитоплазма деб аталади.
Протоплазманинг таркиби ҳар хил. Ҳар бир тирик организм тури ўзига хос протоплазма шаклига эга. Аммо бир организмнинг ўзида ҳам турли ҳужайралар ўзига хос протоплазма турларига эга.
Аммо, тафовутларга қарамасдан, протоплазманинг 99% углерод, водород, кислород ва азотдан, шунингдек, айрим кимёвий элементларнинг қўшимчаларидан таркиб топган.
Организмга тушган овқат ҳазм бўлади ёки суюқликка айланади. Сўнгра ҳазм бўлган овқатни протоплазма ютади ва овқат унинг таркибий қисмига айланади. Бундай жараён ассимиляция деб аталади. Қизиғи шундаки, протоплазма бу жараёнда ўлик моддани тирик материалга, яъни бегона моддаларни ўзига ўхшаш моддага айлантиради.
Протоплазма, шунингдек, ўсимликлар ёки жониворлар организмида энергия йиғади ва уни ажратиб чиқаради. У ташқи таъсирга ўта сезгир, кучли ёруғлик ва иссиқликдан нобуд бўлади. Кимёвий элементлар уни тортиши ёки итариши мумкин. Электр токи унинг феъл-атворига кучли таъсир кўрсатади. Аммо ҳали фанга протоплазма ва унинг фаолияти тўғрисида кўп нарсалар маълум эмас.