10 аср ўрталарида насронийлик католицизм ва православияга аста-секин ажрала бошлади. 1054 йилдан кейин, папа Лев 9 Византия империяси черковини лаънатлагач, православия мустақил йўналиш сифатида бутунлай ажралиб чиқди.
Аввал бошданоқ православиянинг ягона маркази бўлмаган, чунки Византиядаги черков ҳокимияти империянинг энг катта вилоятларида жойлашган тўрт патриарх ўртасида тақсимланганди. Булар — Константинопол, Александрия, Антиохия (Юнон) ва Қуддус патриархлари эди.
Византия империяси парчаланиб кетгач, патриархларини ҳар бири мустақил православ черковини бошқара бошлади.
Кейинчалик Яқин шарқ ва Шарқий Европадаги бошқа мамлакатларда ҳам автоном православ черковлари вужудга келди.
Православ таълимоти асосини муқаддас китоб (Библия) ҳамда муқаддас ривоятлар (черков раҳнамолари ҳамда дунё насронийлари йиғини қарорлари) ташкил этади.
Православлар ҳам, католиклар сингари, насронийликнинг асосий ақидаларини эътироф этишади. Улар — Худонинг уч бирликдан иборатлиги, худонинг гавдаланиши, истиғфор, Иисус Христнинг тирилиши ва арши аълога кўтарилишидир.
Православиенинг фарқи эса култ шаклларида, шунингдек, руҳонийларнинг жамиятдаги ҳолатидир. Православ руҳонийлар оқ (уйланган) ва қора (уйланмаслик тўғрисида қасам ичган) руҳонийларга бўлинади.
Православиеда расм-русмларни бажаришдаги ўзига хослик шундан иборатки, руҳоний Худо ва самовий кучлар билан бевосита мулоқотни таъминловчи воситачи, холос. У, қавм каби, оддий одамдир.
Рим папаси эса Худонинг ердаги ноиби, бинобарин, Худо каби топиниш объектидир. Рус православиеси учун расм-русмларга эътиқод қилиш — диннинг култ билан боғлиқ томонларини муқаддаслаштириш хосдир. Култ диннинг марказий объектига айланади: ҳар бир диндор ибодатхонага мунтазам қатнаши шарт. Католиклар эса, истакларига кўра, истиғфор айтиши, бироқ мунтазам ибодатда қатнашмаслиги мумкин.