Пифагор ким бўлган?

Қадимги Юнонистон кўплаб буюк зотлар ватанидир. Улар орасида энг эътиборлиларидан бири эрамиздан аввалги 6 асрда яшаб ўтган машҳур олим Пифагордир.

Пифагор ғоявий тарғиботчи — яъни воиз; математик ва файласуф бўлган. Ўз ғоялари ва эътиқоди туфайли у Юнонистонни тарк этиб, жанубий Италияга кўчиб кетишга мажбур бўлган.

Пифагор таълимоти нимаси билан бу қадар ғайриодатий бўлган? У руҳнинг ўлмаслиги ва «кўчиши»га ишонган. Бошқача айтганда, унинг фикрича, ўлимдан сўнг жаннатга кирмаган руҳлар бошқа одамлар ва ҳайвонлар танига ўтади. Шу боис у ўз шогирдларига гўшт ейиш ҳамда худоларга жонлиқ қурбон қилишни тақиқлаган.

Пифагор издошлари, пифагорчилар бошқа қатъий қоидаларга ҳам риоя қилишган. Масалан, улар сукут сақлаши ва шароб ичмаслиги шарт эди.

Пифагор ғояларининг баъзилари содда ва ҳатто бемаънига ўхшаб кўриниши мумкин, албатта. Бироқ у фанга катта ҳисса қўшганини унутмаслик керак. У торлар товушининг паст-баландлиги математик жиҳатдан унинг узунлигига боғлиқлигини кашф этади. Шундан келиб чиқиб, уйғунлик назариясини ривожлантирди ҳамда коинотда мавжуд бўлган жамики нарса-ҳодисанинг асосида сонлар ётади, деган фикрни илгари суради.

Пифагорчилар Қуёш системасига оид назарияни ҳам яратишди. Уларнинг бу соҳадаги ғоялари ҳақиқатдан йироқ эмасди. Улар Ер ёритқич атрофида айланувчи шардан иборат, деб ҳисоблашганди. Албатта, Пифагорнинг тўғри бурчакли учбурчак томонларининг нисбатини белгиловчи машҳур теоремасини ҳамма билади.