Александр Македонский вафотидан сўнг империяси парчаланиб кетгач, кўплаб халқлар шу жумладан парфияликлар мустақил яшай бошлайдилар (даставвал улар Каспий денгизининг шарқий соҳилидан бўлган кўчманчилар эди). Улар аста-секин кўплаб ҳудудларни босиб олиб, ўзларининг ярим-шарқий, ярим-юнон империясини вужудга келтиришади. Парфияликлар отдан фойдаланишни билишлари билан шуҳрат қозонган бўлиб, уларда отлиқ қўшини бор эди.
Ғарбда Парфия империяси Рим империясига бориб туташар эди. Римликлар парфияликларни енга олмайдилар, шу боис улар билан музокара олиб боришга мажбур бўладилар. Рим императори Траян даврида, эрамиздан аввалги 114 йилда парфияликлар ҳудудининг бир қисмини римликлар босиб олишади.
Эрамизнинг 3 асрида Парфия империясини сосонийлар енгади. Форс кўрфази соҳилида жойлашган, илгари Парфия империясига кирган Персида сосоний шоҳлар янги империя барпо этадилар. Биринчи сосоний шоҳ Ардашер (Артаксеркс) парфияликлар ҳукмронлигига қарши исён кўтаради ва эрамизнинг 224-йилида парфияликларнинг сўнгги шоҳи Артабон 5 ни ўлдиради. Шундан сўнг у қўшни халқлар, шу жумладан римликлар ва кушонлар устига муттасил ҳужум қилиб туради.
Унинг ўғли Шопур 1 Кушон империяси ҳудудининг катта қисмини босиб олиб, уч рим императорини тор-мор қилган: Гордиан 3 жангда ўлдирилади, Филипп Шопур билан сулҳ тузишга мажбур бўлади. Император Валериан эса эрамизнинг 260-йили асир олиниб, қатл қилинади. Шопур 1 римлик асирларни «Вех-Антиок Шопур» деб номлаган янги шаҳарга жойлашишга мажбур қилиб, уларни хўрлайди. Чунки шаҳар номи «Шопур шаҳри Антиохиядан яхшироқ» деган маънони билдиради (Антиохия рим вилояти бўлган Суриянинг пойтахти эди).