Олма дарахтининг ёши нечада?

Ёввойи олма инсон ўз тараққиётининг илк дамлариданоқ назар қилган ўсимликлар дунёси вакиллари қаторига киради. Ёввойи олманинг ёши нечада? Унинг қазишмалар чоғида топилган, диаметри 15 мм. лик митти меваси Ер қаърида олти минг йил ётган экан. У Германиянинг Хейльбронн шаҳридан унча узоқ бўлмаган жойдаги қурилиш ишлари вақтида топилди. Ер юзида илк марта ким олма дарахти экканини, яъни у қачон маданийлашганини ҳеч ким билмайди. Фақат қадим замонлардан бери Марказий Осиё ва Кавказда боғ олмаси ўстирилгани, сўнгра у Европага бориб ҳолгани маълум, холос.

Бундан, тахминан, икки минг йил муқаддам қишлоҳ хўжалиги тўғрисида 12 та китобнинг муаллифи бўлмиш Рим агрономи ва ёзувчиси Колумелла олма дарахти 3 минг йил муқаддам маданийлашган, деб ёзган эди. Агар унинг гапи тўғри бўлса, боғ олмасининг ёши 5 минг йилга тенг бўлади.

Маданий экинлар орасида олма дарахтининг алоҳида ўрни бор. Қадимги афсона ва ривоятларда ҳамма хуш кўриб ейдиган бу мева бот-бот тилга олинади. Мисрдаги ёдгорликларда қазишма ишлари олиб борилганда, олма сурати чизилган тасвирлар топилган. Қадимги юнонлар ва римликлар олмани муҳаббат рамзи деб билишган ва у гўзаллик илоҳаларига бағишланган. Қадимги олмонлар барча худолар олма дарахтини ҳимоя қилади, олма меваси эса уларнинг севимли таоми, деб ҳисоблашган. Троя урушини эслайлик: у адоват илоҳаси Эрида олмани ташлаши оқибатида бошланган.

Қизиғи шундаки, Кельт тилида «жаннат» сўзи «олмазор» деган маънони англатади. Қадимги Юнонистонни маданийлашган олманинг ватани деб ҳисоблаш расм бўлган. У маданий экин сифатида юнонлар ва римликлардан Ғарбий Европа бўйлаб, сўнгра бутун Ер юзига тарқалган.

Рус чўқинтирилмасдан олдин ҳам одамлар олма нималигини билишган. Маданийлашган олма илк марта XI — XIII асрларда Киев Русининг монастирь боғларида пайдо бўлган. 1051 йили Ярослав Мудрий барпо этган олма боғининг донғи чор атрофга кетган. Кейинчалик бу боғ Киев — Печёра лавраси боғи деб атала бошлаган. XIV асрга тегишли ёзма манбаларда Москва боғлари тилга олинади, «Домострой» («Уй қуриш»)да эса боғни парвариш қилишга оид илк маслаҳатлар берилади.

Кейинги асрларда Русда боғдорчилик авж олиб кетди. Бунга Киев ва Москва князлари, шунингдек, Рус проваслав черкови ва монастирлар кўп ёрдам берган. Милоддан олдинги IV асрда қадимги юнон файласуфи ва табиатшуноси Теофраст ўзининг боғдорчиликка бағишланган илк рисоласида олманинг бир неча навлари тўғрисида маълумот беради. XVIII асрнинг иккинчи ярмига келиб машҳур рус агрономи Андрей Тимофеевич Болотов 8 томлик тадқиқотларида рус олмаларининг 600 дан ошиқ навларини тавсифлаб беради. XX асрнинг охирига келиб эса, бутун дунёда бу мевали дарахтнинг 10 мингга яқин (айрим муаллифларнинг фикрига қараганда, 20 мингдан ошиқ) тури бор. Олма богларнинг барча мамлакатлардаги майдони 3 миллион гектарга яқин.