Инсон далада ингичка пояси сап-сариқ, ғоят нафис, ҳаворанг мовий гули бўлмаганда, бу майда ўсимликнинг ёнидан бепарво ўтиб кетиши мумкин эди. Инсон мана шу гул туфайли газлама тўкишни кашф этган. Бу ўсимликнинг номи зиғирдир.
Бундан тўққиз минг йил бурун инсон биринчи марта зиғирпоя толасидан газлама тайёрлаган. Бу Ҳиндистонда рўй берган. Енгил, мустаҳкам, озода зиғир газламаси тез орада ҳайвон терисидан қилинган кийимни сиқиб чиқарди. Зиғирнинг фазилатларини билган одамлар уни кулбалари ёнида парваришлай бошлаган.
Зиғир толасидан тикилган либосни ҳиндийлардан икки минг йил ўтиб, Оссурия ва Бобил аҳолиси кийишган, уларнинг халқаро савдо йўлларига яқинлиги туфайли зиғир Миср, Ўрта Ер денгизи, Юнонистон ва Римга етиб борди.
Бўзга ишлов бериш ва қайта ишлаш техникаси Мисрда жуда тараққий этди. Мисрнинг бўз газламалари ҳамма жойда довруқ қозонди. “Тарих отаси” Ҳеродот Миср подшоҳи Амазиснинг Афина Родосскойга инъом этган катта нафис бўз газламаси ҳақида тўлиб-тошиб ёзган. Мисрнинг енгил, шаффоф бўз газламасини том маънода олтин баробарида сотишган: тарозининг бир палласига газлама, бошқа палласига олтин қуймасини қўйишган.
Мисрнинг олий коҳинлари фақат бўз газламадан кийим кийишган. Шунингдек, қадимги тош тобутлардаги мумиёланган жасадларни ҳам бўз газламаларда ясантирганлар. Уларнинг беш минг йилдан сўнг ҳам худди кеча амалга оширилгандай тургани одамни ҳайратга солади.
Афсуски, қадимги миср тўқимачиларининг сирлари бизгача етиб келмаган. Ҳатто бу соҳанинг ҳозирги энг донгдор усталари ҳам қадимги Мисрда тайёрланган газламалар каби газлама тайёрлай олишмайди.
Тахминан эрамиз бошларида зиғиркорлик Римда кенг тарқалди, сўнг улкан Рим салтанати ҳудудларига, ундан кейин Шарқий Европа мамлакатларига ёйилди. Шуниси қизиқки, Шарқий Европада бўздан тикилган кийимни Миср ва Римдагидек аслзодалар эмас, оддий одамлар кийишарди.
Россия ҳудудларида яшовчи қабилаларга ҳам бўз газламаси қадим замонлардан буён маълум. X асрда араб олими ибн Фадлан Волгабўйи славянларининг оқ бўздан тикилган кийимларини кўриб ҳайратга тушган. Киев Русида ҳам зиғир фахрий ўринлардан бирини эгаллаган. Қадимги Рус йилномачиси Нестор «Ўтган йиллар қиссаси» асарида печёрлик роҳибларнинг тўқиш ва газлама тайёрлашда бўзга қандай ишлов бергани, шунингдек, икона, санам остига ёқиб қўйиладиган жинчироқлар учун зиғир ёғидан фойдалангани ҳақида батафсил баён қилган.