«Нур сочувчи қовоқ» қаерда яшайди?

Денгиз ва океанларда нур сочувчи (олимлар тили билан айтганда, люминесценцияга эга бўлган) балиқларнинг мингдан ошиқ тури яшайди. Улар орасида майда, 7—8 сантиметр келадиган фотоблефарон балиқчаси жуда улкан қобилиятга эга. Фотоблефароннинг таржимаси «нур сочувчи қовоқ» маъносини беради. Унинг «милтироқ балиқча» деган номи ҳам бор.

Комор оролларида тадқиқот ўтказаётган француз ғаввослари унга «митти пежо» деган лақаб қўйишди, чунки «нур сочувчи қовоқлар» бу машҳур машинанинг чироқларига жуда ўхшаб кетади.

«Милтироқ балиқлар»нинг нур таратадиган аъзолари — фотофорлардир; унинг таркибида беҳисоб (бир миллилитрда 10 миллиард!) люминесценцияланувчи энг ёрқин бактериялар мавжуд. Бактериялар балиқчалар қонидан қанд ва кислородни ютиб, ўрнига нур «қайтаради», унинг ёрдамида фотоблефаронлар ўзига овқат излаб топади, йиртқичларни йўлдан чалғитади ва ҳатто… ўзаро «гурунг» қилади.

Гап шундаки, «нур сочувчи қовоқлар» қанчалик ҳайрон қолдирмасин, милтиллаб туради. Қовоқ (балиқларда бу бўлмайди) кўзни ёпгани мисол терисининг махсус қатлари ҳар 20 секундда фотофорларни тўсиб қўяди. Зарур чоғларда, балиқшуносларнинг фикрига караганда, фотоблефарон бир дақиқада 75 марта очилиб-ёпилади, яъни безовталик сигнали беради.

«Милтироқ балиқча» ўз душманларига қуйидагича чап беради; шитоб билан таъқибдан қутилгач, кутилмаганда фотофорларини ёпиб қўйиб, ўз йўналишини кескин ўзгартиради. Яна нур сочиб, бошқа ёққа бурилади. Бу иллюминацияни битта ўзи эмас, балки бутун галаси билан бажаради. Бундан йиртқичнинг боши қотиб қолади.

Индонезиянинг Банда ороли аҳолиси «нур сочувчи қовоқлар»дан балиқ овлашда фойдаланишади. Улардан олинган суюқликни қармоқларга қўйилган овқатга суртишади. Қармоққа қўйилган емни еб бўлмаса-да, соатлаб милтираб туради ва катта балиқларни ҳеч бир найрангсиз ўзига жалб этади, чунки у милтираб туради.