Нима учун ўсимликлар крахмал ишлаб чиқаради?

Оилангизда парҳез сақлайдиган киши борми? Агар бўлса, у қайсидир овқатни емасдан: «Унинг крахмали кўп, менга тўғри келмайди», деганини эшитганмисиз? Мабодо, уйда ўсмирлар бўлса, улар «яхшироқ ўсиш учун» кўпроқ крахмал тановул қилишади.

Ким нима дейишидан қатъи назар, крахмал дунёдаги энг муҳим моддалардан биридир. Инсоният крахмалдан бошқа ҳар қандай моддадан кўпроқ озиқ олади.

Биз крахмални ўсимликлардан оламиз. У ўсимликларда майда доналар шаклида бўлади. Ўсимликлар қандай қилиб крахмал ишлаб чиқаради? Улар хлорофилл ва Қуёш нури ёрдамида тупроқдан оладиган сувни ҳаводан оладиган углерод икки оксиди бирлаштиради ва қанд моддаси ҳосил қилади ҳамда уни крахмалга айлантиради.

Ўсимликлар крахмални майда доналар ҳолида тана ва пояларида, илдизларида, япроқларида, уруғларида тўплайди. Картошка, маккажўхори, гуруч ва буғдойда крахмал кўп.

Ўсимликлар крахмални ҳали уни ишлаб чиқариш қувватига эга бўлмаган ўз ниҳоллари ва новдалари учун ишлаб чиқаради. Шунинг учун ҳам, тарвақайлаб кетаётган ўсимликка кўзингиз тушса, унинг ўсиши учун йиғилиб қолган крахмал захираси озуқа бўлиб хизмат қилаётганини ёдда тутинг.

Крахмал одамлар ва жониворлар учун қувват манбаи бўлган озиқдир. Қанд сингари у ҳам углерод, водород ва кислороддан таркиб топади. Крахмал ширин эмас. У, одатда, таъмсиз бўлади. Оғиз, ошқозон ва ичакдаги кимёвий моддалар крахмалли озиқни узум қандига айлантиради. Уни эса ҳазм қилиш осон.

Инсон крахмални ўсимликларнинг у тўпланиб қолган жойини майдалаш йўли билан олади. Сўнгра крахмал сув билан ювиб чиқарилади ва катта идишларнинг тубига чўкиб қолади. Ундан кейин ҳўл крахмалнинг суви сиқилади, қуритилгач, қириб, кукун олинади. Тайёр крахмал кукун ҳолида бўлади.

Крахмал жуда кўп жойларда қўлланилади. Масалан, кийимларни ювишда елим сифатида, газмоллар ва пардоз-андоз ашёлари ишлаб чиқаришда асос бўлиб хизмат қилади.