Коинотда ҳар бир жисм бошқасига таъсир этади, улар ўзаро тортишади. Бу тортиш кучи ёки гравитация деб аталади. Тортиш кучи икки омилга боғлиқ.
Биринчидан, у объект, жисм ёки нарса таркибида қанча модда борлигига боғлиқ. Жисм моддасининг массаси қанча катта бўлса, гравитация шунча кучли бўлади. Агар жисмнинг массаси кичик бўлса, унинг тортиш кучи ҳам кам бўлади. Масалан, Ернинг массаси Ойникидан кўп марта катта, шунинг учун Ер Ойга нисбатан кўпроқ оғирлик кучига эга.
Иккинчидан, оғирлик кучи жисмлар ўртасидаги масофага боғлиқ. Жисмлар бир-бирига қанча яқин жойлашган бўлса, улар ўртасидаги тортиш кучи шунча катта бўлади. Улар ўзаро узоқ жойлашган бўлса, гравитация ҳам кам бўлади.
Энди Ерда одамларнинг яшашига бир назар солайлик. Ернинг массаси одамникига нисбатан катта, шунинг учун ҳам оғирлик кучи уни Ерда ушлаб туради. Ер бутун материяси, бутун моддалари марказда тургандай таъсир кўрсатади. Ернинг ҳар бир нуқтасидаги оғирлик кучини ҳисоблаганда, ўша нуқта билан унинг маркази ўртасидаги масофани ҳисобга олиш керак бўлади.
Денгиз соҳилидаги оғирлик кучи тоғ чўққисидагига нисбатан кўпроқдир. Энди Ер юзасидан жуда олис масофага узоқлашган одамни кўз олдингизга келтиринг. У ерда Ернинг тортиш кучи жуда заиф бўлади.
Нима учун Ернинг тортиш кучи бизнинг атрофимизда оддий ҳолда кўзга ташланмайди? Нима учун биз столлар, тарвузлар ёки одамлар ўзаро тортишаётганини кўрмаймиз? Чунки кичик нарсаларнинг ўзаро тортиш кучи жуда заиф. Масалан, бир-биридан икки метр нарида турган икки киши бир-бирини тортади, аммо бу тортиш кучи шу даражада озки, миллиграммнинг юздан бир улушидан ҳам кам оғирликни ташкил этади. Бошқача айтганда, ўша кишиларнинг ўзаро тортиш кучи тарози посангисини босаётган граммнинг юз мингдан бир улушичалик тошга тенг. Бундай юк оғирлигини илмий лабораторияларнинг ўта сезгир тарозилари сезиши мумкин, холос. Бундай куч бизларни жойимиздан қўзғатишга ҳодир эмас. Бунга пойабзалимиз тагчармининг ерга ишқаланиши йўл қўймайди. Бизни полда турган жойимиздан қўзғатиш учун 20 кг.дан ошиқроқ юк керак бўлади. Шунинг учун ҳам, биз оддий шароитда Ердаги жисмларнинг ўзаро тортишишини сезмаслигимиздан ажабланмасак ҳам бўлади.