Ниагара шаршараси Нью-Йорк штатидаги Буффало шаҳридан 25 км узоқликда оқиб ўтадиган Ниагара дарёсида жойлашган. Ниагара дарёси Эри кўлига қуйилади ва тўртта Буюк Кўлни Онтарио кўли билан боғлайди. Дарё йўлининг 58-километри ўрталарида тез оқим бирдан узилади ва баланд қоядан шаршара бўлиб пастга оқади. Бу Ниагара шаршарасидир. У иккита: Канада ва Америка шаршараларидан таркиб топган. Ниагара дарёси сувининг 94% тик Канада шаршараси орқали пастга оқиб тушади.
Геологларнинг фикрича, Ниагара шаршараси анча ёш. У бундан, тахминан, 10—15 минг йил илгари пайдо бўлган. Муз даврида ҳозирги Ниагара ўрнини муз қоплаб олган. Музликлар эриб, Эри кўли ҳосил бўлган. Ундан бир дарё оқиб чиқиб, кўлнинг сувларини шимолга олиб кетган.
Дарё оқими бир қояга етиб боради. Қалин оҳактош қатлами билан қопланган бу қоя Ниагара шаршарасини ҳосил қилади. Кейинчалик шаршара суви дарё ўзанини чуқурлаштириб юборган. Сувнинг тушиш баландлиги ўртача 50 метрдир.
Ниагара шаршараси ҳақидаги илк маълумотлар 1697 йили пайдо бўлган. Бу ҳақда француз тадқиқотчиси ва миссионери авлиё Луис Хеннепен ёзиб қолдирган. У илк марта шаршарани 1678 йили Сойр де ла Салл билан Янги Дунёга сафари чоғида кўрган эди.