Нега ёмғир айрим кунлар ёғади, бошқа кунлари эса ёғмайди?

Осмонга боққанимизда, кўзимиз оғиркарвон булутларга тушиши биланоқ, ёмғир ёғса керак, деган хаёлга борамиз. Биз буни ёмғир ёғиши учун зарур бўлган бирдан-бир нарса, деб ўйлаймиз. Аммо аслида ёмғир узоқ ва мураккаб жараён натижасидир. Ёмғир ёғиши учун Қуёш, Ер ва атмосфера бир-бирига ўзаро таъсир этиши керак. Бу жараён Қуёш Ерни қиздиришидан бошланади. Қизиш натижасида океан, денгиз, кўл ва дарёлардаги сувлар буғлана бошлайди. Сув буғи ҳаво билан аралашади. Бу жараён буғ ҳосил бўлиши деб аталади.

Юқорига кўтарилаётган иссиқ ҳаво атмосферага сув буғини олиб келади. Юқорига кўтарилган буғ совиб, ундан булут ҳосил бўлади. Бу жараён конденсация деб аталади.

Булут ичидаги увоққина томчилар катталашиб, тобора кўпроқ намни йиға боради. Ниҳоят, томчилар катталашиб, ҳаво оқимлари тутиб қололмайдиган даражага етади ва ерга ёмғир бўлиб ёғади.

Энди нега ёмғирнинг ҳосил бўлиши жараёни фақат маълум бир вақтда кечишини аниқлайлик. Бу жараённинг биринчи босқичи — буғ ҳосил бўлиши доимо кундузи, Қуёш чиқиб турган пайт рўй беради. Аммо кўринмас буғ ҳар куни ҳам ўта майда зарралардан таркиб топган ва кўзга кўринадиган булутларга айланавермайди. Бунинг сабаби буғ конденсацияланиши учун маълум бир юза керак бўлади. Агар ҳавода чанг заррачалари оз бўлса ёки, умуман, бўлмаса, конденсация юз бермайди. Томчилар пайдо бўлишига муз ва қорнинг майда кристаллари ҳам ёрдам бериши мумкин.

Одатда, ёмғир ёғиши учун иссиқ ҳаво массасининг совуқ ҳаво массаси томон ёки аксинча ҳаракати талаб этилади. Иссиқ ҳаво массаси таркибида булут ва намлик бор, улар совуқ ҳаво массаси таъсирида совигач, сув томчилари ҳосил бўлади ва ерга ёмғир бўлиб ёғади.

Бир ёмғир томчиси ҳосил бўлиши учун 100 000 000 донага яқин ўта майда томчилар керак бўлади. Булут ҳосил бўлиши учун эса бундай томчилардан миллион-миллионлари талаб этилади. Бундай эни, бўйи ва баландлиги 1 км бўлган булут таркибида, тахминан, 790 тонна томчи, тахминан, 7940 тонна буғ ҳолидаги сув бор.