Уч хил ўсимлик географиясига эга дунёдаги ягона давлат

Туркиянинг бой флораси ҳам профессионал, ҳам ҳаваскор ботаниклар учун хазинанинг ўзгинаси. 12 мингга яқин ўсимлик турлари мавжуд бўлган мамлакат флораси ҳаваскор ва профессионал ботаниклар учун жуда керакли манба ҳисобланади. Зеро, бу ерда бутун Европа қитъаси билан таққосланадиган даражада ўсимлик турлари хилма-хиллиги мавжуд, деб хабар беради Туркия маданият ва туризм вазирлиги PR агентлиги.

Маълумки Туркия Европа–Сибирь, Ўртаер денгизи ва Эрон–Турон минтақаларини ўз ичига оладиган уч хил ўсимлик географиясига эга дунёдаги ягона давлатдир. Ўлкадаги ўсимликларнинг 3500 дан ортиғи эндемик ҳисобланади. Бу ерда, шунингдек, 2300 дан ортиқ қўзиқорин турлари ҳам учрайди.

Табиатни севувчи саёҳатчилар мамлакатнинг табиий ландшафтлари, миллий ва ботаника боғлари орқали нодир географик хусусиятлар ҳақида маълумотга эга бўлишлари мумкин.

46 та миллий боғ, 259 та табиат боғи, 31 та қўриқхона, 114 та табиий зона ва 85 та ёввойи табиатни ривожлантириш зоналари мамлакатнинг ноёб флора ва фаунаси ҳақида тасаввур уйғотади.

Иғнеада миллий боғи

Туркия шимоли-ғарбидаги Қирқларелидан 97 километр узоқликда жойлашган Иғнеадаги миллий боғ 3155 гектар майдонни эгаллайди. Бой биологик хилма-хилликка эга Иғнеада текис ўрмонлар, ботқоқликлар, чучук сувли кўллар ва қирғоқларини ўз ичига олган ноёб экотизимлардан бири ҳисобланади.

2007 йилда миллий боғ деб эълон қилинган ва 472 хил ўсимлик турига эга минтақа, шунингдек, Сака, Дениз, Ҳамам, Педина, Мерт, Эрикли каби кўллар тизимини ўз ичига олади.

Табиат мўъжизаларини суратларга муҳрлайдиган ботаниклар кўзни қамаштирувчи ландшафтлар, шунингдек, қорабаклан қуши, оқ думли бургутлар, майда керкенезлар ва майда яшил ўрмон қушлари каби жами 194 турдаги қушларни учратишлари мумкин. У ерда ўз чодирингизни қуриб, табиат билан ҳамнафас бўлиш имкони мавжуд.

Туз кўли ҳавзаси

Туз кўли Туркиядаги иккинчи йирик кўл ва дунёдаги энг катта шўрланган кўллардан бири ҳисобланади. Бу фламинголар кўпаядиган кам сонли ҳудудлардан бири. Мазкур ҳудудда ҳар йили ўртача 10 мингта фламинго дунё юзини кўради. Кўлнинг сув ҳарорати ва иқлим шароити мақбул бўлганда, тухумдан чиқадиган полапонлар сони 20 мингга етади. Бу дунёдаги энг катта кўрсаткичлардан биридир.

Яқин вақтгача бу ғайриоддий кўл фақат шўрланиш даражаси билан машҳур бўлиб, қалдирғоч ва ёввойи ғоз каби кўчманчи қушлар учун яшаш жойи сифатида танилган эди. Аммо 2020 йилда бир гуруҳ турк олимлари Туз кўлида 72 хил ноёб эндемик ўсимлик турларини аниқлагач, ушбу кашфиёт илм-фан оламида шов-шувга сабаб бўлди. Эндиликда Туз кўли ботаника ихлосмандлари ва қушларни кузатувчиларни ҳам ўзига жалб қилмоқда. Кўл одатда саёз бўлиб, унинг мўъжизавий кўриниши ўсимлик ва ҳайвонот дунёси қизиқувчилари учун суратга олиш имкониятини тақдим этади.

Отатурк дендропарки

1949 йилда асос солинган ва Мустафо Камол Отатурк таваллудининг 100 йиллигини нишонлаш доирасида 1982 йилда Отатурк дендропарки номини олган бу жаннатмонанд маскан Истанбулнинг энг яшил туманларидан бири, Белград ўрмонига туташ бўлган Сариерда жойлашган.

Уч минг квадрат метр майдонни эгаллаган Отатурк дендропаркида 2000 дан ортиқ маҳаллий ва экзотик ўсимлик турлари, шунингдек, ўрдак ва оққушлар яшайдиган учта кўл ва минглаб дарахтлар, жумладан, эман, арча, қизил дарахт, алдер ва чинорлар ўсади. Истанбул университети ўрмон хўжалиги факультетига қарашли Отатурк дендропаркига душанбадан ташқари ҳар куни ташриф буюриш мумкин.

Газиантеп ботаника боғи

Газиантеп ботаника боғи 2009 йилда 17 минг квадрат метр майдонда ташкил этилган. Мамлакатдаги йўқолиб бораётган ўсимликлар коллекциясини ташкил этувчи ушбу ям-яшил ҳудудда турли даражадаги ўсимлик турларини ўқувчиларга таништириш бўйича турли тренинглар ташкил этилмоқда. Бу машҳур боғ орқали ботаника ихлосмандлари нафақат ғайриоддий ўсимликларни кашф этишлари, балки Туркиянинг ўзига хос ўсимликлари ҳақида маълумот олишлари мумкин.