Нега тошлар ҳар хил бўлади?

Кўпчилик ўғил болалар турли шакл ва рангдаги тошларни йиғишади. Ҳар хил ранг ва катталикда бўлган ҳамда қимматбаҳо тошларни эслатадиган силлиқ, ғадир-будур тошлар ҳамманинг ҳам ҳавасини келтиради.

Улар битта ёки бир нечта минералдан таркиб топгани учун ҳам шундай кўринишга эга. Айнан ўша минераллар турли тошларга ҳар хил ранглар беради, айримларини эса қимматбаҳо тошлардай ярқиратади.

Тошлар турли йўллар билан пайдо бўлган. Айрим «чўкинди» тошлар чўкинди жинслардан таркиб топган. Бунинг маъноси шуки, анча вақт бурун сув, шамол, муз, ўсимликлар ва жониворлар фаолияти натижасида чўкиндилар ҳосил бўлган. Чўкиндилар қатлам-қатлам бўлиб борган, шунинг учун ҳам ҳоялар ва тошлар «қатламли» деб аталади. Қоялар таркиб топган майда зарралар юмалоқ шаклга эга, чунки уларнинг ўткир қирралари сувда оқиши ва шамол таъсирида думалоқ шаклга эга бўлиб қолган. Қумтош ва оҳактош қатламли тог жинслари намунасидир.

Бошқа қоя жинслари ер остидаги суюқ моддаларнинг юзага чиқиб қотишидан ҳосил бўлган. Улар Ер юзасига чиққанида бошқа тоғ жинсларининг ёриқларига тушиб қолган. Бундай тоғ жинслари «пироген жинслар» ёки вулқонлардан ҳосил бўлган жинслар деб аталади.

Қояларнинг учинчи тури дастлаб бошқа шакл ва тузилмага (вулқонли ёки қатламли) эга бўлган, аммо температура ёки кучли босим таъсирида ўзгариб кетган. Улар «метаморф жинслар» деб аталади. Уларга мармар ва кварцитлар киради.

Айрим тоғ жинслари таркибида бошқа аралашмалар билан бир қаторда металларнинг минераллари ҳам учрайди. Агар бундай жинслар таркибидаги минераллар металл ишлаб чиқариш учун етарли бўлса, улар «руда» деб аталади.