Пулдан фойдаланиш ғояси албатта жуда ажойиб! Аммо аксарият кишилар пулдан фойдаланиш фикри илк бор кимнинг миясига келганлигини ва биз пулни нега қадрлашимизни билишмайди.
Минг йиллар илгари ҳали пул муомалага киритилмаган эди. Қадимги одамлар молни алмаштириш йўли билан савдо қилишган. Бу агар унга ўзида йўқ нарса керак бўлиб қолса, у шу нарсаси мавжуд одамни топиш керак деганидир. У ўзига керак нарсанинг эгасига бирор бир нарсани тавсия қилиши, агар унинг моли савдолашувчи шеригига керак бўлмаса у ўзига керак нарсани ололмас эди.
Вақт ўтиши билан айрим нарсалар пул сифатида фойдаланила бошланди, зеро ҳамма уларга эга бўлишни хоҳларди. Масалан, бир пайтлар сигир, тамаки, ғалла, ҳайвон терилари, туз ва мунчоқлар каби ҳаммага бирдек керак нарсалар пул ўрнида муомалада бўлган.
Кейинчалик бу нарсаларни бир парча темир сиқиб чиқарди. Кўпинча бу парча темир олтин ёки кумушдан иборат бўларди. Кейинчалик тангалар махсус тозаликдаги ва оғирликдаги металлардан ясаладиган бўлди. Уларга муайян миқдордаги товарларни олиш мумкин эди. Бир нечта танга, айтайлик бир сигирга, ёки 10 кг тамакига ёки бошқа бирор маҳсулотга тенг ҳисобланарди.
Бугун бизларнинг ихтиёримизда қоғоз пуллар ва тангалар мавжуд. Бу пулларни ҳукумат чиқаради, барча одамлар эса уларни олиб фойдаланадилар. Хўш, бизга пул нима учун керак ўзи? Биз уларни нега қадрлаймиз? Аввало шуни айтиш лозимки, биз пул воситасида тўртта муҳим нарсани амалга оширишимиз мумкин.
Биринчидан, биз пул ёрдамида айирбош ёки савдо қилишимиз мумкин. Айтайлик, сиз велосипед харид қилмоқчисиз, ҳатто унинг учун пул ишлаб топишга ҳам, мисол учун бировнинг чимзорини ўриб беришга ҳам розисиз. Бироқ сиз чимзорида меҳнат қилган кишингизда велосипед йўқ, у сизга велосипед эмас, балки пул беради. Сиз эса пулни олиб, дўконга борасиз ва велосипед харид қиласиз. Пуллар ёрдамида сиз ўз меҳнатингизни исталган буюмга алмаштиришингиз мумкин.
Иккинчидан, пул — бу қиймат миқдоридир. Бу дегани — пул воситасида кўп буюмларнинг қийматини бир-бирига қиёслаш, таққослаш мумкин. Масалан, сиз, ҳалиги айтилган чимзорни ўриш учун соатига 1,5 фунт пул оласиз дейлик. Велосипед эса 50 фунт туради, демак сиз велосипеднинг нархи ва ўз меҳнатингиз нархи тўғрисидаги маълум тасаввурга эга бўласиз.
Учинчидан, пул бу қиймат заҳирасидир. Сиз, айтайлик йиғиб-териб олган помидор ҳосилини узоқ сақлаб туролмайсиз, сабаби улар тезда бузилиб қолиши мумкин. Агар, сиз уларни сотсангиз, пулларни истаганча асраб қўя оласиз.
Тўртинчидан, пул — бўлажак харажатлар учун тўлов негизидир. Сиз велосипед учун 10 фунт бериб, қолганини кейин олиб келиб беришингиз мумкин. Ахир сиз дўкон сотувчисига помидор, ёки тухум, ёки футбол коптогини бериб савдолаша олмайсизку?! Сиз сотувчи билан пулнинг қолганини кейин олиб келиб бериш тўғрисида келишиб олдингиз, демак пулни сиз бўлажак харажат учун тўлов сифатида ишлатяпсиз.