Океан суви шўр эканини ҳамма яхши билади. Аммо нега материк ичкарисидаги кўллардаги, масалан, Катта Шўркўл суви таркибида туз бор? Бу саволга жавоб бериш учун, аввало, кўллар қандай вужудга келганини ва кейинчалик нима бўлганини билиб олиш керак бўлади.
Кўл паст ерларда сув тўпланиб қолиши натижасида ҳосил бўлади. Кўлларга сув ёғингарчилик ва қорлар эришидан тушади. Шунингдек, жилғалар, ирмоқларнинг унга қуйилиши ва ер ости сувларининг сизиб чиқиши натижасида тўлишиб боради. Чучук сув билан бирга унда эриган минерал сувлар ҳам кўлга оқиб келади. Бу минерал моддалар сувга қоялардан ва баланд ерлардан тушади.
Иқлими иссиқ жойлардаги кўлларнинг суви буғланиши натижасида камайиб боради. Кўлга тушаётган сувнинг аксарият қисми буғланиб кетгани билан унинг таркибидаги тузлар қолаверади. Бу билан кўллар суви таркибидаги туз кўпайиб бораверади.
Катта Шўркўлнинг суви шу тариқа шўрланиб кетган. Бундай кўлларга асрлар бўйи минерал моддалар оқиб тушган. Бундай моддаларнинг аксарияти оддий туздир. Туз миқдори жуда юқори бўлган бундай кўлларда фақат креветкалар — майда қисқичбақалар яшаши мумкин. Катта Шўркўл АҚШдаги Юта штатининг шимоли-ғарбида жойлашган. У денгиз сатҳидан 1 220 метр баланддадир.