Шундай бир манзарани кўз олдингизга келтиринг. Жазирама туш вақти. Яйловда кийиклар подаси ўтлаб юрибди. Бир қарашда уларга ҳеч нарса хавф тугдирмаётганга ўхшайди. Аммо тўсатдан кийиклардан бир гурс этиб ерга қулайди, талваса ичида бир-икки марта питирлаб жон беради, пода эса қўрқувдан тирқираб кетади.
Чакалакдан аллақандай узун найларини қувноқ силкитган ҳолда бир гуруҳ ҳиндулар югуриб чиқади. Улардан бири ерда ётган кийикнинг танасидан кичик найзани суғуриб олади. Наҳотки, шу найза жониворни тил тортмай ўлдирган бўлса? Ахир, у ёйдан эмас, найдан отилган эдику! Шунинг учун ҳам у кийикнинг танасига чуқур ботмаган. Маълум бўлишича, кийикни тил тортмай ўлиши сабаби найзада эмас, аксинча, унинг учига суртилган кураре заҳарида экан.
Европаликлар илк марта ҳиндуларнинг даҳшатли кураре заҳари ҳақида XVII асрнинг бошларида инглиз зодагони сэр Уолтер Рэлейдан эшитган эди. Англия қироли Яков I уни Жанубий Американинг шимоли-шарқидаги мамлакат Гвианага ҳиндуларнинг афсонавий, эртаклардагидай бойликлари беҳисоб Эльдорадо шаҳри (ёки мамлакати)ни излаб топиш учун юборади. У Жанубий Америкадан қуруқ қўл билан қайтади. Мабодо, Рэлей ўз саёҳати тўғрисидаги ахборотида ҳиндулар ишлатадиган тез таъсир қилувчи кураре заҳари (унинг «ураре» ва «воорали» деган номлари ҳам бор)ни эслатмаганида, одамларнинг ёдидан чиқиб кетган бўлар эди. У ҳиндулар кураре суртилган найзани ўз найларининг бир учидан тиқиб, иккинчи учидан катта куч билан пуфлаганини, найза эса 100 метр наридаги нишонни бехато урганини кўради. Аммо у кураре нимадан олинишини (ҳозирги тил билан айтганда, унинг рецептини) аниқлашга муваффақ бўла олмайди. Бу европалик олимлар учун бир аср давомида сирлигича қолиб кетади. Фақат немис ботаниги Роберт Шомбург 1830 йили Гвианага саёҳати чоғида бу сирдан воқиф бўлди. Йўлбошловчи ҳинду унга кураре олинадиган ўсимликни кўрсатди. Шомбург бу фанга маълум бўлган «стрихнос» ўсимлиги (ҳиндулар уни «урари» деб атайди) — лиана эканини кўрди. Стрихноснинг бошқа бир туридан яна бир даҳшатли заҳар — стрихнин олинади.
Роберт Шомбург кураренинг тайёрланишини кўра олмади. Орадан ўн йил ўтгач, унинг укаси бу жараён билан танишган илк европалик бўлди. У Европа фанига бу жараённи тавсифлаб қолдирди: суви қайнаётган қозонга урари пўстлоғи солинади. Кузатувчининг фикрича, унга ҳар ярим соатда сеҳр кучига эга бўлган аллақандай моддалар қўшиб турилади. Қозондаги сув бир оз қуюқлашгач, сузиб олинади ва унчалик чуқур бўлмаган тувакка қуйилади, сўнгра суви буғланиб кетиши учун кунгайга қўйилади. Кейинчалик қайнатмага шиннидай чўзилиши учун «мураме» дарахти илдизининг шарбати қўшилади. Курарени тайёрлаш учун бир кеча-кундузга яқин вақт кетади.