Баъзан, аҳён-аҳёнда, шундай бир кишилар пайдо бўлишадики, улар бизнинг ҳаёт ҳақидаги ва бутун олам ҳақидаги тасаввурларимизни мутлақо ўзгартириб юборадилар. 1473 йилда туғилиб 1543 йилда вафот этган поляк астрономи Николай Коперник ана шундай инсонлардан бири эди.
У пайтларда астрономлар Ер дунёнинг маркази деб ўйлар эдилар. Бу ғоя 2 асрда яшаб ўтган қадимги юнон олими Птолемейга тегишли эди. Унинг нуқтаи назари юзлаб йиллар давомида ҳақиқат ҳисобланиб келган. Птолемейнинг таъкидлашича, Ер ҳаракатсиз ҳолатда бир жойда туради, баҳайбат ясси жисмлардан ташкил топган осмон эса унинг атрофида айланади.
Коперник томонидан тузилган дунёнинг кўриниши эса мутлақо бошқача эди. Унинг хаёлига шундай фикр келади: Птолемейнинг Ер қимирламай бир жойда туради, Қуёш эса унинг атрофида айланади дейишига сабаб: қадимги юнон алломаси ҳар кеча Катта айиқ туркумидаги юлдузларнинг секин аста Қутб юлдузи атрофида айланишини кузатиши бўлган.
Коперник Қуёшнинг айланиши тўғрисидаги нотўғри тасаввур Ернинг ўз ўқи атрофида айланиши туфайли пайдо бўлишини англаб етган. У бизнинг сайёрамиз коинотнинг майда заррасидан иборат бўлиб у бошқа сайёралар каби Қуёш атрофида айланади, деган хулосага келади.
Коперникнинг назарияси 16 аср учун ўта инқилобий бўлиб чиқди. У ўзининг ушбу назарияси бошқа олимлар, айниқса — черков томонидан қаршиликка учрашини яхши тушунарди, чунки черков ҳам Ер — дунёнинг маркази деб таълим берарди-да. У ўз илмий ишларини умрининг охиридагина чоп эттирди, шунда ҳам мазкур ғояларнинг асл ҳақиқат деб ҳисобланишини қатъий талаб қилмаслиги ҳақида китобига илова киритди.