Катта Каньон Ер юзасидаги энг чиройли томошагоҳлардан биридир. Унинг айрим жойлари кўзни қамаштирадиган даражада ранго-ранг ибодатхона, минора ва қалъалардан иборат сеҳрли тош шаҳарга ўхшайди.
Энг қизиқ ҳодисалардан бири каньонларни дарёлар ҳосил қилганидир. Колорадо дарёсининг сувлари бу улкан дарани минг йиллар давомида бунёд этган. Дарё сувининг даҳшатли кучини тасаввур қилиш учун у узоқ масофада ювиб кетган қаттиқ тоғ жинсларини бир кўз олдингизга келтиринг. Колорадо дарёси айни пайтда ҳам даранинг тубига ювиб кириб бормоқда. Айрим жойларда Катта Каньон дарасининг чуқурлиги 1 800 метр, кенглиги эса 8—25 км.ни ташкил этади. Дарё ясси тоғликка, Каньон ҳосил қилар экан, теран кириши натижасида Ернинг тош деворлардаги юз миллионлаб йиллик тарихини очиб боради.
Дарё билан ёнма-ён дара тубида кўҳна кристалл жинслар очилиб қолган. Бу жинслар ўз-ўзидан, сув ва шамол таъсирида емирилиб кетган кўҳна тоғ тизими қолдиқларидир. Бу тоғ тизимининг пайдо бўлган ва емирилиб кетгани Катта Каньон ҳосил бўлиши натижасида аниқланди.
Тоғ тизмасининг кўзлардан пана бу пойдеворида кварцит, қумтош ва оҳактош қатлами бор. Улар даврлар ўзгариши билан шакллана борган, бутун бошли тоғ тизмалари пайдо бўлиб, емирилиб кетган кезлар океан тўлқинлари гоҳ шарқдан, гоҳ шимолдан бу ерларга ёпирилиб келаверган. Бир замонлар бу қояларга денгиз тўлқинлари урилиб ётганини ўша ердан топилаётган тош қотган нарсалар ҳам исботлайди. Улар сув ўтлари, денгиз чиғаноқлари ва балиқлардир.
Катта Каньонни кашф этган илк одам испан сайёҳи Гарсия Лопес де Карденасдир. У Каньонни 1540 йил кашф этди. Айни пайтда АҚШ ҳукумати Каньоннинг энг чиройли ва қизиқарли қисмини ажратиб олиб, «Катта Каньон» номли миллий боғ барпо этди. Унинг майдони 1620 кв. км.дир. Ҳар йили минглаб сайёҳлар бу ернинг гўзалликларини томоша қилиш учун келади. Ҳатто, дара тубида оқаётган Колорадо дарёси бўйлаб хачирга миниб, саёҳат қилиш имконияти ҳам бор.