1650—1800 йиллар оралиғида илм-фан гуркираб ривожланди. Ўрта асрларда маориф ва илм фанга черков раҳнамолик қилар эди. Бу эса католик черкови ақидаларига мос келмайдиган тадқиқотларга тўсқинлик қилар эди. 15—16 асрларда Тикланиш жараёнининг бошланиши туфайли кишилар ўзлари учун билимларнинг турли янги жабҳаларини кашф қила бошладилар. Улар қадимги юнонлар ва римликлар дунёнинг тузилиши ҳақида нималар ёзганлигига ҳам ниҳоятда қизиқишарди. Айни шу таълимотлар негизида улар ўзлари яшаб турган дунёни ўрганишга киришдилар. Тикланиш жараёнидан кейин келган Реформация даври черковнинг обрўсига кучли даражада путур етказди. 17 асрда кишилар ўзларининг турлича қарашларини бемалолроқ баён қила олардилар.
Ньютон (1642—1727) 17 асрнинг энг буюк аллома-донишмандларидан бири эди. У ёшлигида француз математиги Рене Декартнинг (1596—1650) илмий ишларини ўқиб чиқади ва унинг нурнинг табиати тўғрисидаги фикрларига қўшилмайди. Шундан сўнг у ўз тажрибаларини амалга оширишга қарор қилади. Худди Декарт ва бошқа олимлар каби Нютон ҳам призма ёрдамида нурни спектрга (яъни камалакка) айлантиради. Шундан сўнг у Декарт ўйлаб ҳам кўрмаган бир иш қилади: биринчи қўйилган призма ортига тескари қўйилган иккинчи призмани ҳам ўрнатади ва биринчи призмадан ўтаётган рангли нурлар иккинчи призмадан ўтиб яна ягона оқ нурга бирлашади. Шундай қилиб Ньютон оқ нур етти хил камалак рангига эга эканлигини исботлайди.
Ньютон телескопни такомиллаштирди, гравитация назариясини яратди ва метафизика билан шуғулланди, унингча метафизика дунёнинг тузилиш ҳақидаги барча саволларга жавоб бериши керак эди.
Ньютоннинг кашфиётлари фаннинг барча соҳалари учун тараққиёт асосларини яратди. Аммо унинг ўзи, мен номаълумлик оламининг юзидаги пардани бироз кўтардим холос, деган эди. У кексайган чоғида яна шундай деган эди:
«Билмадим, мен коинот олдида қандай аҳамиятга эгаман, бироқ мен ўзимни соҳил бўйида ўйнаб, ўзига ёқадиган силлиқ тошчаними ёки жудаям чиройли чиғаноқними топиб олса, олам-олам севинчга тўладиган жажжигина болакайга ўхшатаман. Ваҳоланки, бу боланинг олдида ҳали ўрганилмаган хилқатларнинг бутун бошли уммони ётибди».