Офтоб ҳаммаёқни жизғанак қилиб куйдираётган паллада муздай ва серсув тарвуздан ҳам лаззатлироқ нима бўлиши мумкин?
Инсон бу мевани минг йиллардан бери суйиб истеъмол қилиб келади.
Тарвуз дастлаб Африкада пайдо бўлган ва кейинчалик иқлими ва тупроғи тўғри келадиган барча минтақаларга тарқалиб кетди. Кўҳна санскрит тилида тарвузни ифодаловчи сўз бор. Қадимги Мисрда ишланган суратларда ҳам тарвуз акс эттирилган. Шундан ҳам тарвуз бундан 4000 йилдан ошиқ вақт муқаддам пайдо бўлганини англаб олса бўлади.
Тарвуз қовоқгуллилар оиласига мансуб қовунларнинг бир туридир. У худди бодринг каби ерга ёйилиб, судралиб ўсадиган, япроқлари ясси ва чўзинчоқ, гули қўнғироқсимон бир йиллик ўсимликдир.
Қовуннинг яна бир кўҳна нави мушкли қовун, асосан, Жанубий Осиёда ўсади. Унинг заиф ва хуштаъм ҳиди бор.
Қовуннинг «касаба» ва «асал таъмли шудринг» навлари кеч пишади ва бошқа навларга нисбатан узоқ сақланади. «Касаба» катта, пўчоғи сариқ-яшил тусдаги силлиқ қовундир. «Асал таъмли шудринг» навининг пўчоғи ундан ҳам силлиқроқ, эти эса кўкимтир тусдадир.
Тарвуз қовунга нисбатан каттароқ ва шарбати кўпроқ бўлади. Айрим тарвузлар 20 кг ва ундан ошиқроқ тош босади, аммо аксарияти ундан кичик бўлади. Унинг пўчоғи қаттиқ ва яшил, кўпинча оч яшил тасмалари ҳам бўлади ва беқасам тўнга ўхшайди. Тарвуз эти қирмизи, сариқ ёки қизил тусдадир.
Тарвуз пишиб етилиши учун узоқ вақт ва иссиқ иқлим зарур. У ер қизиб, музлаш эҳтимоли йўқолгач, экилади. Тарвузни пишган ҳолича ейиш мумкин, аммо уни тузлаш, пўчоғидан мураббо тайёрласа ҳам бўлади. Шарқ мамлакатларида тарвуз уруғи тансиқ таом ҳисобланади.