Биз бир жойдан иккинчи жойга кўчганимизда атрофимиздаги ҳарорат қандай ўзгараётганлигини сезишимиз мумкин, аммо танамиз ҳарорати ҳам ўзгариши мумкинлигини хаёлимизга ҳам келтирмаймиз. Чунки у ўзгармайди ҳам. Биз «гомеотермик» мавжудот ҳисобланамиз ва бу тур барча иссиқ қонли ҳайвонларни, барча сут эмизувчиларни, уй ҳайвонлари ва қушларни ўз ичига олади.
Аммо шундай ҳайвонлар ҳам борки, улар танасидан ҳарорат атроф муҳит ҳарорати билан бирга ўзгаради. Улар «пойкилотермик» деб аталади. Буларга ҳашаротлар, илонлар, судралиб юрувчилар, тошбақалар, қурбақа ва балиқлар киради. Улар танасидаги ҳарорат одатда атроф муҳит ҳароратидан анча паст бўлади. Булар совуққонли ҳайвонлардир.
Биз инсон танасидаги мўътадил ҳарорат 37°C ҳисобланишини биламиз. Аммо ҳарорат меъёр доирасида ўзгариши мумкин. Масалан, инсон танасининг ҳарорати тахминан эрталаб соат 4 ларда энг паст даражада бўлади; тери ҳарорати танадаги ҳароратдан пастроқ; овқатланиш ҳароратни бир ёки икки соатга кўтаради; жисмоний иш ҳароратни кўтариши мумкин; алкогол ички ҳароратни пасайтиради.
Ҳайвонлар танасидаги ҳарорат кескин фарқланиши мумкин, яъни: филдаги 35°C дан айрим қушлардаги 43°С гача. Тана ҳароратига кўра ҳайвонларни қуйидаги тартибда гуруҳга ажратиш мумкин: 35 дан 38°C гача — одам, маймун, хачир, эшак, от, каламуш, сичқон ва фил; 37 дан 39°C гача — қора мол, қўй, ит, мушук, қуён ва чўчқа; 40 дан 41°C гача — курка, ғоз, ўрдак, бойқуш, сақоқуш ва қирғий; 42 дан 43°C гача — товуқ, каптар ва айрим кенг тарқалган майда қушлар.
Ҳайвонлар, худди одамлар сингари, тананинг доимий ҳароратини тиклаш учун ортиқча иссиқликдан қутулишлари лозим. Терламайдиган ҳайвонлар буни нафас олиш ҳисобига амалга оширади — шунинг учун ҳам ит иссиқ ёз кунларида тилини осилтириб нафас олади.