Ҳашаротларда юрак бўладими?

Жимитдай ҳашаротларнинг юраги ва ўпкаси, асаби ва мияси борлигига ишониш қийин. Аслида ҳаммаси шундай.

Бошидаги катта асаб маркази ҳашаротларнинг миясидир. У сезги қабул қилади ва мушакларини ҳаракатга келтириш учун сигнал беради. Бу кўз очиб юмгунча рўй беради, чунки ҳашаротларнинг барча ҳаракати «автоматлашган».

Ҳашаротларнинг қони одамникидек қизил эмас. У қонга қизил ранг берувчи кислород ташимайди. Ҳашаротларнинг юраги — тери тагида жойлашган, бутун танаси бўйлаб ўтган узун найнинг бир қисмидир. Най миясига келиб бириккан.

Бу найнинг узунаси бўйлаб клапанли жимитдай тешиклар мавжуд. Қон юрагига ана шу тешиклар орқали келади. Юрак кичрайганда қонни ўзига томон оқишга мажбур этади.

Қон бошда мияни ювиб туради ва организм бўйлаб орқага ёйилади. Қон орқага ҳаракатланаётганда ҳам тана аъзоларига, мушакларга ва асаб системасига киради. У ўзи билан сингиган овқатни олиб келади ва овқат қолдиқларини олиб чиқади.

Сиз бир неча тур ҳашаротларнинг юрагини кузатишингиз мумкин. Агар сиз кузги капалак қуртига, майда пашша личинкаси ёки капалакқуртга диққат қилсангиз, елкаси бўйлаб ўтган найни ва унинг қандай ураётганини кўришингиз мумкин. Айни чоғда ҳашарот иссиқ бўлса юраги тез, совуқ бўлса секин ураётганини ҳам билиб оласиз.

Ҳашаротларнинг кучи ҳақидаги далиллар ҳам ўта қизиқарли. Агар сиз уларнинг кичкиналигини эътиборга олсангиз, улар беҳад кучли эканига амин бўласиз. Бунинг сабаби уларнинг жуда кучли мушакларга эгалигида. Одамнинг 800, чигиртканинг тахминан 900 та мушаги бор!