Агар уйингизда аквариум бўлса, овқатлантириш осон, аквариум шароитида яхши яшайдиган, чиройли ва қараганингизда завқ берадиган балиқчалар бўлишини хоҳлайсиз. Гуппи мана шу талабларга жавоб берадиган балиқча, уни баъзан «камалакранг балиқча» ҳам дейишади.
Насл қолдириши ўзига хос экани билан гуппи бошқа балиқчалардан ажралиб туради. Сиз бу жараённи аквариумингизда ҳам кузатишингиз мумкин. Бошқа балиқлар сингари увулдириқ сочиш ўрнига, у увулдириғини танасида кўтариб юради. Увулдириқлар тўлиқ етилгач, танадаги махсус тешиклардан майда балиқчалар катталарининг айни нусхаси бўлиб чиқади.
Улар ўша онда ҳам сузадиган, озиқланадиган ва улардан мазахўрак бўлмоқни истаган катта балиқларга чапдаст бўладилар. Айтмоқчи, она балиқ оч қолган пайти болаларининг бир нечтасини еб қўйиши мумкин.
Жажжи балиқларни қутқариб қолишнинг осон йўли бор. Эндигина дунёга келганларининг илк инстинкти — ёруғликка интилиш. Агар аквариумнинг нур тушиб турган томони сув ўтларида қуюқ булса, балиқчалар кўп қурбон бўлмайди. Майда балиқларнинг яширинишга жойи бўлса бас, улар катта балиқларни ҳамиша доғда қолдирадилар.
Гуппилар Жанубий Американинг шимолий қисмидан, айнан Венесуэла ва унга чегарадош мамлакатлардан тарқалган. Уларнинг турлари қачонлардир тринидадлик Лахмер Гуппи томонидан йиғилган ва аниқлаш учун Британия музейига жўнатилган. Бу балиқ олимлар томонидан ҳар хил номланган, ҳозирги пайтда фақат битта: Lebistes Reticolatus номи билан юритилади. Бир вақтлар у Girardinus Guppi деб ҳам айтилган. Қисқартма номи — «гуппи» дунё бўйлаб кенг тарқалди.
Гуппиларнинг эркаги модаларидан кўра ёрқин тусда, модаларининг ўзи ҳам бир-биридан сал-пал ажралиб туради. Қанчалик тиришманг, уларнинг айнан бир-бирига ўхшаганини тополмайсиз.