Ўсимликлар тарихида гевея ёки каучук дарахтининг ҳаёти жуда қизиқарлидир. Испан босқинчилари Жанубий Американи кашф этган илк кунларданоқ резина шарлар билан ўйнаётган болаларни кўришиб, каучук сувни, ҳавони ўтказмайдиган ва бошқа хоссаларга эга эканини англаб етишди. Резина шиналар ишлаб чиқарила бошлангач, каучук саноати мислсиз даражада ривожланиб кетди.
Каучук дарахтлари экватордан 10 градусдан узоқ бўлмаган шимол ва жануб минтақаларида ўсади, шунинг учун ҳам экваторнинг ҳар иккала тарафидаги 1300 км энлиликдаги зона «каучук минтақаси» деб аталади. Каучук дарахтлари учун иссиқ ва нам иқлим ҳамда ҳосилдор тупроқ керак. Энг кўп каучук «Бразилия гевеяси»дан олинади. У дастлаб Бразилияда топилгани номидан ҳам кўриниб турибди. Бугунги кунда дунёда ишлаб чиқарилаётган табиий каучукнинг 96% ушбу дарахтдан олинади. У каучук минтақасидаги кўпгина мамлакатларда етиштирилади.
Гарчи каучукнинг ватани Жанубий Америка бўлса-да, у бугунги кунда тропик минтақасида жойлашган мамлакатларда, айниқса, Жанубий-шарқий Осиёдаги кўплаб плантацияларда ўсади.
Каучукни олиш тартиби қуйидагича: маълум бир вақт дарахт танаси тилиб қўйилади, ундан сутсимон оқ шарбат — табиий каучукнинг, оқсил ва тузларнинг сувли аралашмаси оқиб тушади. Бу латексдир. У, шунингдек, паракаучук ёки креп ҳам деб аталади.
Худди қарағай елими сингари латекс гевея танасидаги тилинган жойдан оқиб тушади. У йиғиб, сузиб олинади ва сув билан суюлтирилади. Ишқор қуйилгач, эритма бир жойга тўпланиб, қайишқоқ модда — табиий каучук ҳосил бўлади. Сўнгра варақ шаклида прессланиб, қуритилади. Табиий каучук атрофимизда тўлиб-тошиб ётган резина ишлаб чиқариш учун қулай хом ашёдир. Камералар, ғилдираклар покришкаси ва болалар шишириб ўйнайдиган шарлар — барчаси бир замонлар гевея тропик дарахтининг шарбати бўлган.