Эвкалипт нима?

Бир замонлар эвкалиптлар фақат ўз ватани Австралияда ўсар эди. Аммо бугунги кунда у инсоннинг ёрдами билан бутун дунёга тарқалиб кетди. Уларни Европада, Африка шимолида, Ҳиндистонда, Жанубий Америкада, Америка Қўшма Штатларининг жанубида учратиш мумкин.

Эвкалиптнинг ташқи кўриниши уни илгари кўрмаган кишида ўчмас таассурот қолдиради. У бўйчан, япроқлари семиз, терисимон пўстлоқ билан қопланган ва шохлари пастга осилиб турадиган чиройли дарахтдир. Эвкалиптларнинг баланд ва хипча танаси жуда тез ўсади. Айрим дарахтларнинг бўйи бир йилда тўрт метргача ўсган вақтлар ҳам бўлган. Бўйи улкан Калифорния секвойяларидан бир оз паст, аммо юз метрга етиб қоладиган эвкалиптлар ҳам бор.

Эвкалиптлар жуда фойдали дарахтдир. Унинг инсон учун фойдали бир қанча жиҳатлари бор. Масалан, эвкалиптлар намликни севгани учун ботқоқ ерларга ўтқазилади. Натижада дунёнинг кўпгина минтақаларида безгак ва бошқа юқумли касалликлар билан оғрийдиганлар сони камаяди.

Бундан ташқари, эвкалипт инсонни турли дори препаратлари билан таъминлаб туради. Унинг япроқларидаги сон-саноқсиз ғоваклар сарғиш тусдаги кофурни эслатадиган суюқлик билан тўла. Бу эвкалипт ёғидир. Шифокорлар уни беморларнинг юқори нафас йўлларини тозалаш учун ҳидлатишади. У кўпинча буйраклар фаолиятини яхшилайдиган ҳамда асаб тизимини тинчлантирадиган восита сифатида ҳам ичилади. Баъзан у ҳатто жарроҳликда антисептик — касалликнинг юқиши олдини оладиган препарат сифатида ҳам ишлатилади. Эвкалипт ёғочига, қаттиқ бўлишига қарамасдан, енгил ишлов бериш мумкин. Ундан, юзаси ўта силлиқ бўлгани учун кемасозликда, уйларнинг ички деворига қоқишда фойдаланилади.