Денгиз ўсимлик ва ҳайвонларининг аксарияти 200 метрдан ошмайдиган чуқурликда яшайди. Ундан чуқурроқ жойларда ҳаёт кечириш қийин.
Бир километр чуқурликда сув жуда совуқ ва қоп-қора бўлади. Бу масофага қуёш нури етиб келмайди. Шу боис бу ерларда ўсимликларни учратмаймиз. Ўсимлик учун эса нур зарур.
Лекин айрим ҳайвонлар ана шундай чуқурликда яшашни афзал билган. Улар анчайин машаққатли шароитда омон қолиш учун мослашишнинг узун йўлини босиб ўтишлари керак эди.
Уларнинг танаси ўзгаришларга дуч келди. Чуқурликларда яшайдиган ҳайвонларнинг кўпчилиги кичик ўлчамли бўлса-да, жағлари, тишлари ва кўзлари катта-каттадир.
Чуқурликларда яшайдиган балиқларнинг нур ишлаб чиқарадиган ўзига хос аъзолари бор. Улардан овга чиққан пайти қурол ва қопқон сифатида фойдаланадилар. Бундан ташқари, улар ёрдамида урчиш даврида бўлажак шеригига ўзи ҳақида хабар беради.
Шуниси ғалатики, чуқурликларда яшайдиган ҳайвонлар оғир шароитларга жуда яхши мослашганлар, тасодифан денгиз сатҳига яқинлашса, нобуд бўлади.