Чумолихўрлар — одатда қирчумоли деб аталувчи оқ чумолиларни тутиб ейдиган ҳайвонлардир. Чумолихўрлар бошқа озиқдан кўра чумолини афзал кўради, чунки уларнинг тишлари йўқ. Уларнинг анча чўзинчоқ жағ суяклари деярли тўлиқ тери билан қопланган бўлади.
Чумолихўрнинг оғзи жуда кичкина, чувалчангсимон тилининг узунлиги ўттиз сантиметрдан ортиқроқ ва ёпишқоқ модда билан қопланган. Чумолихўр қирчумолини кўрганда узун тилини чиқаради. Қирчумоли тилга ёпишиб қолади ҳамда чумолихўр ўз ўлжасини оғзига тортади ва ютади.
Чумолихўр овлайдиган қирчумолиларнинг кўпчилиги ўз маконларини лойдан қуради, улар иссиқ қуёш таъсирида тошга айланади. Табиат чумолихўрга кучли олдинги оёқлар ва узун тирноқлар ато этган. У булардан қирчумолилар уяларини бузишда фойдаланади.
Чумолихўрларнинг бир-биридан кескин фарқ қилувчи уч тури мавжуд. Улкан чумолихўр ерда яшайди. Унинг узунлиги — икки метрдан ортиқ, бундан тахминан ўттиз сантиметрини бош ва олтмиш сантиметрини дум ташкил қилади. Унинг юнги дағал ва узун бўлади. Олдинги оёқлар тирноқлари шу қадар узунки, уларда юриш чумолихўрга қийинчилик туғдиради. Унга оёқларини кафтининг ташқи томони билан ерга қўйишга тўғри келади. У тунда овга чиқади, бутун кун мобайнида ухлайди.
Тамандуа, яъни Америка чумолихўри анча кичик бўлади. Узунлиги тахминан бир метр бўлиб, унинг жуни ҳам калта. Тамандуанинг думи жуда кўп вазифаларни бажаради. Агар Америка чумолихўрининг думи бўлмаганда, дарахтларда — ўзининг асосий истиқомат жойида яшай олмаган бўларди.
Ипаксимон чумолихўр — барча чумолихўрларнинг энг кичигидир. Узунлиги эллик сантиметрча келади. Узунлигининг ярми думига тўғри келади. Думи туфайли дарахтда яшай олади. У бутун кунни ғужанак бўлиб олиб дарахт шохида ўтказади. Бу чумолихўр Жанубий Мексикадан Бразилиягача бўлган ҳудудда учрайди.