Чигирткалар ўз тухумини қаерга қўяди?

Чигирткалар (ёки саранчалар) галаси вақти-вақти билан айрим минтақаларда пайдо бўлиб, далаларни ер билан яксон қилади. Улар Инжилда Мисрдаги етти балонинг бири сифатида қайд этилади. Дунёнинг турли бурчакларида улар ҳар йили миллион-миллион долларлик ҳосилнинг бошига етадилар.

Чигирткаларнинг тури кўп ва улар бир-бирига жуда ўхшаб кетади. Уларнинг жағлари кучли, уч жуфт оёғи ва одатда икки жуфт қаноти бўлади. Қанотларнинг биринчи жуфти қаттиқ ва тўғри, иккинчиси эса юпқа бўлиб, биринчи жуфтининг ичига кириб туради. Сакрашда фойдаланадиган кейинги жуфт оёқлари узун ва яхши ривожланган.

Чигиртка макиёнининг қорни четида тухум қўядиган аъзоси бор. Бу аъзо тухумдон дейилади. Бурчакқанот чигирткаларнинг узун қиличсимон тухумдони бўлади. Саранчаларнинг айрим турлари ерни ўйишиб, тухумдон қилишади, тухумини шу ерга қўйиб, устидан ёпишқоқ модда билан ёпиб қўяди. Бурчакқанот чигирткаларнинг айрим турлари тухум қўйиши учун поядан ёриқ қилса, бошқалари тухумини барглар орасига жойлайди.

Чигирткалар асосан икки узун мўйловлилар ва калта мўйловлилар гуруҳига бўлинади. Калта мўйловли чигирткаларни баъзида саранча дейишади ва пуштиранг дала чигирткаларини ҳам улар сафига қўшишади. Уларнинг ҳам мўйлови калта, тухумдони кичкина ва оёқлари уч бўғимлидир. Уларнинг «хиргойиси» — орқа оёқларини қанотларига ишқалашдан ҳосил бўлади. Уларнинг «қулоғи» орқа оёқлари пойидаги қорин қисмида жойлашган.

Узун мўйловли чигирткаларга яшил майса чигирткалари, шовқин солиб учадиган бурчакқанот чигирткалар ва қанотсиз қора чигирткалар киради, бу турдагиларнинг мўйлови танасидан кўра узун бўлади, оёқлари эса тўрт бўғимлидир. Фақат эркаклари қаттиқ қанотларини ишқаб «хиргойи» қилади.

Баъзи мамлакатларда чигирткаларни овқатга ишлатишади, кўпчилик одамлар эса улардан қутулиш чораларини кўрадилар.