Бўр нима?

Ер юзида ўз ҳаёти давомида бўрни ушлаб кўрмаган одам топилмаса керак. Сайёрамиздаги миллионлаб мактаб ўқувчилари бўр билан доскага ёзишади. Агар бўр бўлмаганда, ўқитувчи нима қиларди?

Бўр дастлаб ҳайвон бўлганини биласизми? Океанлар ичида кўзга ташланмас ўсимлик ва ҳайвонларнинг жуда кўп турлари ҳаёт кечиради. Улардан бири бир ҳужайрали, косаси оҳакдан таркиб топган «фораминифера»дир.

Улар нобуд бўлгач, океан тубига чўкиб кетадилар. Вақт ўтиши билан бу косалардан қалин қатлам ҳосил бўлади. Албатта, бунга миллион йиллар керак. Бу қатлам аста-секин мустаҳкамланиб боради ва юмшоқ оҳактошга айланади; уни биз бўр деб атаймиз.

Ердаги турли ўзгаришлар денгизлар тубини қуруқликка айлантириб юборганидан хабаримиз бор. Айни шундай ҳодиса Ла-Манш бўғозида рўй берган. Денгиз тубида чўкиб ётган бўр қатлами денгиз сатҳига кўтарилиб чиққан. Анча юмшоқ қисмлари баланд бўр қоялари қолдириб, сув билан ювилиб кетган. Англиянинг Дувр ва Франциянинг Дьепп томонларида машҳур бўр қоялари мавжуд.

Бўр дунёнинг турли минтақаларида денгизлардан йироқда, бир замонлар денгиз бўлган жойларда ўрнашган. Бунга АҚШдаги Канзас, Арканзас ва Техас штатларини мисол қилиб келтиришимиз мумкин. Энг яхши табиий бўр Англияда тайёрланади.

Юзлаб йилдирки, одамлар бўрдан турли мақсадларда фойдаланади. Биз мактабларда ишлатадиган бўрга уваланиб кетмаслиги учун бириктирувчи аралашмалар қўшилади. Мактаб учун 95 фоизи бўрдан булган бўрлар жуда создир. Турли бўёқ моддалар қўшиб, хилма-хил рангдаги бўрлар олиш мумкин.

Пуркаб, ювилиб ва тозалаб бўлингач, бўрдан оқ кукун олинади ва у замазка (тирқишларни бекитиш учун ишлатиладиган ёпишқоқ қоришма), бўёқ, дори, қоғоз, тиш пастаси ва турли упаларга ишлатилади!