Ер шарининг кўпгина жойларида одамлар асрлар бўйи билқиллама қумлоқлардан қўрқиб яшаган. Улар, домига тушиб қолганларни ўз қаърига тортиб кетиш қудратига эга, деган қараш ҳукм суриб келган.
Аслида, билқиллама қумлоқнинг бундай хусусияти йўқ. Агар унинг ўзи нима экани ва унга бориб қолган одам ўзини қандай тутиши кераклигини билиб олсак, қумлоқ бизга ҳеч қандай зарар етказмайди.
Шундай қилиб, билқиллама қумлоқ ёки суюқ қумлоқ нима? У таркибида сув кўп бўлган ранги очиқ, юмшоқ қумдир. У кўринишидан ёнидаги оддий қумдан мутлақо фарқ қилмайди. Аммо амалда улар ўртасида фарқ бор: суюқ қумлоқ оғир нарсаларни кўтара олмайди.
Одатда, суюқ қумлоқлар катта дарёларнинг қуюлиш жойи ва қия қирғоқларда учрайди. Уларнинг остида ерга намликни ўтказмайдиган ёпишқоқ ва зич лой қатлами бўлади. Шунинг учун ҳам ёмғир ёки дарё суви ўша ерда йиғилиб қолади. Нотўғри ва учлари ўткир оддий қумлардан фарқли ўлароқ, суюқ қумлоқ қумлари юмалоқ шаклда бўлади. Уларнинг остидаги сув қумни суюлтиради, қум зарралари эса юзага сузиб чиқади. Шунинг учун ҳам бундай қумлоқлар оғир нарсаларни кўтара олмайди.
Суюқ қумлоқ деяётганимиз қумлоқ бўлмаслиги ҳам мумкин. Бунинг учун ҳар қандай юмшоқ тупроқ, қум ва лойқа аралашмаси ёки лойқа билан майда шағал аралашмаси кифоя қилади.
Суюқ қумлоққа тушиб қолган одамлар, умуман, унга чўкиб кетмайди. Унда суюқлик кўплиги туфайли сувдагидай бемалол сузиш мумкин. Билқиллама қумлоқ сувдан зичроқ бўлгани учун сузиш осонроқ кечади.
Бундай жойга тушиб қолганда, жуда секин ҳаракат қилиш керак. Бу қумнинг танангиз ёнидан оқиб ўтиб кетишига имкон беради. Бундай ҳолда ўз ҳаётингиз учун хавфсирашингизга ҳеч қандай асос қолмайди.