Комета портлаши мумкинми?

Кўпчилик то шу кунгача, кометалар Ерга катта зиён етказиши мумкин, деб ҳисоблайди. Масалан, айни пайтда Ердан унчалик узоқда бўлмаган комета портласа, нима бўлиши мумкин?

Билишимизча, кометалар портламайди. Кометалар Қуёш атрофидаги ўз орбитаси бўйлаб маълум бир тезликда ҳаракат қилади. Кўпгина кометаларнинг орбитаси шу даражада чўзинчоқки, уларнинг шакли узайтирилган йўғон сигаретани эслатади. Кометалар орбитаси уларга яқин юлдузларнинг ёнидан ўтади. Комета ўз орбитасини бир марта айланиб чиқиши учун минглаб йиллар керак булади. Улар бутунлай кўздан йўқолгандай туюлади, аслида эса кўриш майдонидан чиқиб кетган бўлади.

Сайёраларнинг тортиш кучи кометаларга жуда қаттиқ таъсир қилади. Айрим кометалар бундай тортиш кучлари таъсирида ўз орбитасидан чиқиб кетади ва орбитаси қисқариб қолади. Масалан, Юпитер — Муштарий шундай йўл билан жуда кўп комета тўплаган, уларнинг ҳар бири Қуёш атрофида 6 йиллик давр билан айланади. Маълум бир вақт мунтазамлиги билан пайдо бўлиб турадиган кометалар даврий кометалар деб аталади.

Кометалар абадий йўқолиб кетиши мумкинми? Айримлари йўқолиб ҳам кетади. Мунажжим Вильгельм фон Била 1826 йили ана шундай «йўқолиб кетган кометалар»дан бирини излаб топди. У бир неча бор пайдо бўлди, ҳар сафар пайдо бўлганида уни юзлаб мунажжимлар кузатишди. Сўнгра 1846 йили комета иккига бўлинди ва ундан иккита комета ҳосил бўлди. Ундан ҳам кейин Била кометасининг икки бўлаги жуда кичик қисмларга парчаланиб кетди.

Мутахассислар, бу бўлаклар ноябрь охирида осмонда пайдо бўладиган метеорит ёмғирини ҳосил қилган, дейишади. Била кометаси тарихидан шу нарса маълум бўладики, дарҳақиқат, кометалар йўқ бўлиб кетади; улар парчаланади, орбитасидан чиқиб кетади ва метеорит чангига айланади.

Ўхшаш мақолалар: