Африкаликлар тилида «апартхейд» сўзи «ўзига хос, алоҳида яшаш» деган маънони билдиради. Апартеиднинг сиёсати негизида жаҳон аҳолисининг икки хилда тараққий этиш йўли европача ва европача бўлмаган йўл мавжудлиги ҳақидаги ғоя ётади.
Бу ғоя бизнинг асримизнинг 50-йилларида ЖАР ҳукумати томонидан қабул қилинган Қонунларда ўз ифодасини топганди. Мазкур ҳукумат ушбу қонун бу мамлакатнинг ягона ривожланиш шаклини белгилаб беради, деб эълон қилганди.
Мазкур қонунга биноан оқ танлилар ва қора танлилар ўртасидаги никоҳ ва ҳар қандай муносабатлар тақиқланар, уларнинг бир жойда яшашлари ва ўқишларига рухсат берилмасди. Оқлар ва қораларга, шунингдек ягона жамоат транспортидан, кинотеатр, ресторан, кафелардан фойдаланиш ҳам ман этиларди.
Қора танлиларга маълум давлат лавозимларини эгаллаш тақиқланарди. ЖАР ҳукумати қора танлилар бир жойда ғуж бўлиб яшашлари учун ўзига хос ҳудудлар — бантустанлар барпо қилди. Бундай истиқомат жойларида муайян бир миллатга ёки қабилага мансуб кишиларгина яшардилар.
Бу моҳиятига кўра ирқчиликка асосланган бемаъни сиёсат, африкалик оқ танлилар ҳаётида ҳам қора танлилар ҳаётида ҳам шахсий фожиаларни келтириб чиқарди. У иқтисоднинг, фан, техниканинг тараққиётига тўсқинлик қилди. Зеро бу соҳаларда на ирқ ва на миллат деган чегара мавжуд эмасдир. Шунингдек, бу фожиалар фақат ЖАРнинг ўзида эмас, балки унинг қўл остида бўлган Намибияда ҳам ўз асоратларини қолдирди.
Шунинг учун ҳам Бутун жаҳон жамоатчилигининг таъсири остида Намибияга мустақиллик берилгандан сўнг, апартеид тизими бутунлай барбод қилиб ташланди.
Муросасиз ирқчилик мавқеида турган кўплаб одамларнинг норозилигига қарамасдан ўтказилган ислоҳотлар ЖАРда илк маротаба ирқчиликдан холи парламент сайловлари ўтказилишига, мамлакат аҳолисининг териси рангидан ва ирқидан қатъи назар тенг ҳуқуққа эга эканлигини эълон қилган Конституциянинг қабул этилишига олиб келди.