Биз нимагадир Британия ҳамиша Европанинг бир қисми бўлган деган мулоҳазага кўникиб қолганмиз. Бироқ, аслида сира ҳам бундай эмас. У эрамиздан аввалги 1 асрга қадар Европага қарашли эмасди. Римликлар Британияни босиб олишган ва у ҳақда Европада ҳеч ким билмасди ҳам. Британиянинг бу даврдаги тарихи ҳақида биз жуда кам биламиз.
Биринчи босиб олинган даврда бу ерда истиқомат қилувчи аҳоли «бриттлар» деб аталарди. Улар келт шевасининг турли лаҳжаларида сўзлашишар, қишлоқ хўжалиги билан шуғулланишар, пода ва отвоқарлик қилишарди. Темирдан турли жиҳозлар ва қуроллар ясашни ҳам билишарди. Уларнинг аксарияти катта-катта қишлоқларда томи қамиш билан ёпилган чайлаларда истиқомат қилишган. Айнан римликлар бу ерларда шаҳарларни ва уларни бир-бири билан туташтирувчи йўлларни бунёд этишган. 15 аср бошларида бу ерларни римликлар тарк этгач бу ер аҳолиси заифлашиб хароб аҳволда қолди. Англлар, сакслар ва ютларнинг лашкар (ўрда)лари Даниядан ва Рейн бўйида ястаниб ётган ерлардан жўнаб кетдилар. Фақат бу ерда англлар муқим ўрнашиб қолганларидан кейингина мамлакат «Англия» номини олди.
Кичик-кичик ва қийин аҳволда қолган қабилаларнинг бирлашиши натижасида еттита қироллик қад ростлади ва Англияда муқимлик касб этди. Бу ерларнинг илк эгалари бриттлар Уэлс ва Шотландиянинг баланд тоғли ҳудудларига сиқиб чиқарилди.
Мазкур етти қироллик «Гептархия» ёки англосаксларнинг етти давлати Иттифоқи деб аталарди. 9 асрга келиб улар Эгберт раҳбарлиги остида бирлаштирилди ва Эгберт Англиянинг биринчи қироли бўлди. Бу пайтга келиб Англия насроний динини қабул қилган ва бунинг оқибатида у Европа қитъасидаги барча мамлакатлар билан ҳаммаслакка айланган эди.
Қирол Буюк Алфред даврида Англия яна данияликларнинг қақшатқич босқинларига қарши курашишига тўғри келди. Бу ҳол то 11 асргача, яъни мамлакат Дания қироли Канут ҳокимиятига тобе бўлгунча давом этди.
Кейинчалик тахтга англосаксониялик қирол Эдуард (Исповедник) Иқроргўй келди ва унинг даврида мамлакат 23 йил тинч ва осойишта ҳаёт кечирди. Унинг ўлимидан кейин яна қирғинбарот бошланиб кетди. Тож-тахт учун курашларда ким унинг меросхўри бўлади деган масала ҳал этиларди. Ниҳоят 1066 йилда нормандиялик герцог Вилгелм Англияни босиб олди, кейинроқ эса қирол деб эълон қилинди. Англиянинг норманнлар томонидан забт этилиши мамлакат ҳаётини шу қадар ўзгартириб юбордики, маълум маънода бундан кейинги воқеаларни Англия тарихининг янги даври деб аташ мумкин.