1783 йил Америка Қўшма Штатлари Британия истибдодидан халос бўлиб мустақилликка эришгандан сўнг, мамлакатнинг Шимолий ва Жанубий штатлари ўз ҳолича, бир-биридан фарқли тарзда ривожланди. Шимол майда фермерларнинг мамлакати бўлиб, унда саноат шаҳарлари жадаллик билан ўсиб борди. Мамлакат аҳолиси бир пайтлар, 17 асрларда руҳоний пилигримлар бу ерга олиб келган озодлик ғояларига риоя этарди. Виргиния ва Жоржия каби Жанубий штатлар бой ва зодагон катта ер эгалари ерларида қуллар томонидан етиштириладиган пахта ҳисобига кун кечирарди. Бироқ, қуллик 1861 йилда бошланиб кетган фуқаролар урушининг сабабларидан бири эди, холос.
1790 йилда Қўшма Штатлар ташкил этилган бўлса-да, Шимол ва Жануб ўртасида катта тафовутлар сақланиб қолган эди. Шимол тараққиётга талпинарди. Жануб эса ҳеч қандай ўзгартишларни истамасди. 1790 йилдаги Конституцияда озодлик ва адолат тўғрисида алоҳида гапирилган эди. Модомики, жанубда шу пайтда тўрт миллиондан кўпроқ қуллар бор экан, қанақа озодлик ва адолат ҳақида гапириш мумкин? — дейишарди Шимолдагилар.
1850-йилга келиб Америка Штатларининг қарийб ярмисида қулчилик мутлақо тақиқланди. 1860-йилда қулчиликнинг ашаддий душмани бўлган Авраам Линколн Америка Қўшма Штатларининг президенти бўлди. Жанубий штатлар шундан сўнг, агар бизлар Қўшма Штатлар иттифоқида қоладиган бўлсак, ўзимизга ўзимиз чоҳ қазиган бўламиз, деган қарорга келишди. 1861 йилда Америка жанубидаги 11 штат алоҳида ажралиб чиқиб ўз иттифоқларини туздилар ва уни Конфедерация деб атай бошладилар. Бу Шимолдаги 23 штатга қарши бошланадиган урушга ўзига хос бир ишора эди.
Қўшма Штатлар ягона давлат бўлиб қоладими ёки доимо бир-бирига душман бўлиб қолувчи иккита иттифоқ дунёга келадими? Ана шу саволга жавоб ҳал этилгунча қонли жанглардан иборат тўрт йиллик фуқаролик урушини бошдан кечиришга тўғри келди. Урушнинг дастлабки пайтларида жанубликларнинг қўли баланд келиб турди, боиси уларнинг аскарларига салоҳиятли ҳарбийлар раҳбарлик қилардилар. Бироқ 1863 йилнинг июлида Пенсилвания штатининг Геттисбург шаҳри остоналарида бўлган жангларда конфедерациячиларнинг аскарлари чекинишга мажбур бўлдилар.
Геттисбург жангидан кейин омад генерал Грант бошқаруви остидаги шимолликлар томонга ўтди. 1865-йилнинг апрелида генерал Ли қўмондонлиги остидаги конфедерациячилар армияси таслим бўлишга мажбур бўлдилар.
Ниҳоят уруш тугади, аммо қанчалар қимматга тушди бу қирғинбарот? Мазкур урушда АҚШнинг ярим миллионга яқин аҳолиси — яъни ҳар 50 АҚШ фуқаросидан бири қурбон бўлди, уларнинг учдан икки қисми уруш асоратлари туфайли келиб чиққан касалликлардан нобуд бўлдилар. Аммо тинчлик ўрнатилгандан кейин ҳам Шимол билан Жануб ўртасидаги совуқчилик яна узоқ йиллар сақланиб турди.