Акциялар (баъзан уларни бонлар ҳам дейишади) — тижорат компаниялари пул йиғиш мақсадида аҳолига сотадиган қимматли қоғоздир. Бирор янги компания очиш учун ёки мавжуд компанияга янги ускуналар сотиб олиш учун жуда кўп пул керак бўлади. Бу пулларни топиш учун компаниялар минглаб, баъзан ҳатто миллионлаб акцияларни чиқарадилар.
Компания акциясини сотиб олган киши унинг эгаларидан бирига айланади. У корхона эгаси ёки акционер, акциядор сифатида дивидендлар олишга ёки компания фойдасидан маълум қисм олади. Дивидендлар миқдори компания мазкур йилда шуғулланган фаолият турига қараб йилдан йилга ўзгариб бориши мумкин.
Акцияларнинг икки хили мавжуд: оддий акция ва имтиёзли акция. Оддий акция эгаси ҳар йили акциядорлар мажлисида иштирок этиш, компания директорларини сайлашда овоз бериш ҳуқуқига эга булади. Имтиёзли акциянинг номидан ҳам маълумки, унинг эгаси оддий акция эгасига берилмаган айрим имтиёзли ҳуқуқларга эгадир. Дивидендлар тўлаш чоғида имтиёзли акция аъзолари ўзига хос имкониятларга эгадирлар. Имтиёзли акцияларга бериладиган дивидендлар маълум миқдорда олдиндан тўланади. Ваҳоланки, оддий акцияларга бериладиган дивидендлар компаниянинг муайян даврдаги ишининг натижаларига боғлиқ тарзда берилади. Агар компания тарқалиб кетадиган бўлса, биринчи галда имтиёзли акция эгалари билан ҳисоб-китоб қилинади, кейин оддий акция эгаларига навбат келади.
Киши акция ёки бонни сотиб олар экан, уни бошқа бир инвестордан сотиб олади, сотганда ҳам бошқа бир инвесторга сотади. Акциялар сотиладиган ва сотиб олинадиган бозорга — биржа деб аталади.
Акциялар брокерлар — орқали сотилади ва сотиб олинади. Брокерларнинг вазифаси инвесторларнинг акцияларини сотиб олиш ва сотишдан иборатдир. Акцияларнинг нархи шерик компанияларнинг ишига, тижорат ишларининг шароитларига, савдо-сотиқ ва бошқа сабабларга кўра ўсиб бориши ёки аксинча пасайиши ҳам мумкин.