Олимлар ота-оналарни жиддий огоҳлантириб, саккиз ёшдан кичик бўлган болаларга, уяли алоқа телефонларидан фойдаланишга рухсат бермаслик кераклигини эътироф этишмоқда. Бундай натижаларга кўп йиллик тадқиқотлар сабаб бўлмоқда. Акс ҳолда болаларда мия ўсимтаси пайдо бўлиши эҳтимоли катта бўлиши мумкин, деб айтишмоқда докторлар.
Бундай кузатувлар Британияда катта шов-шувларга сабаб бўлди. Тўртдан саккиз ёшгача бўлган болалар учун махсус уяли телефонлар ишлаб чиқарувчи компания ўз фаолиятини зудлик билан тўхтатишга мажбур бўлди.
2000 йилдан бери Британияда мобил алоқа хизматидан фойдаланувчилар сони беш маротаба кўпайган ва айни вақтда 50 миллион кишидан ортиб кетган. Худди шу йиллар ичида тезкор алоқа воситаларидан фойдаланадиган болалар сони ҳам камида беш маротабага ортган. “Уяли алоқанинг инсон организмига таъсири” қўмитаси раиси, Нурланишдан сақланиш миллий кенгаши профессори Уилям Стуард ўзининг кўп йиллик тўрт тадқиқотини жамоатчилик эътиборига ҳавола этди.
Швецияда ўтказилган текширувлар натижалари шуни кўрсатдики, узоқ вақт уяли алоқадан фойдаланаётган кишиларда қулоқ ва мия ўсимтаси ривожланиши эҳтимолдан холи эмас. Худди шундай изланишлар Голландияда ҳам ўтказилди. Уларга кўра, телефон станциялари яқинларида яшовчи кишилар бошқаларга қараганда ўз соғлиқларидан икки баробар кўпроқ шикоят қилмоқдалар ва уларнинг кўпчилигида саратон касаллиги аниқланмоқда. Яна бир текширув, Европа иттифоқи томонидан молиялаштирилган дастур шуни кўрсатдики, уяли алоқа тўлқинлари инсон организми ҳужайраларига салбий таъсир кўрсатиб, уларни яксон қилишга сабабчи бўлади.
Профессор Стуарднинг айтишича, ҳали илмий жараён давом этади. “Бироқ, қўлимиздаги далиллар кўп нарсаларга аниқлик киритаяпти. Аммо бир нарса қатъиян аниқки, нурланишга биринчи бўлиб ёш авлод дучор бўлади. Шу нуқтаи назардан келиб чиққан ҳолда, ота-оналар ўз фарзандларининг соғлиғи учун қайғурган ҳолда, уяли телефондан фойдаланиш меъёрларини кўриб чиқишлари ва уларга мобил алоқа зарур бўлмаса, имкон қадар фойдаланмасликни тавсия этишлари лозим.”
Профессорнинг ушбу чақириқлари эътиборсиз қолмади. Бир неча кундан сўнг Миллий мактаблар ассоциацияси бош директори Девиб Хард мактабларда уяли телефонлардан фойдаланмасликни сўради ва салбий оқибатлар ҳақида ўйлаб кўришга чақирди. Ўз навбатида, уяли телефонлар ишлаб чиқарувчи компаниялар текширувлар натижаларини ғазаб билан қабул қилиб, ҳали инсон организми учун телефонларнинг зарарлилигига тўлиқ исбот ва далиллар келтирилмаганини қайд этишди.
Умумжаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти яқин йиллар ичида Ер юзидаги ҳамма илмий текширувларни жамлаб чоп этишни режалаштирмоқда. Шундан сўнг, ушбу муаммоли масалага ойдинлик киритилиши мумкин, деб таъкидланмоқда. Мамлакатнинг бошқа ҳудудларида эса вақтни бой бермай хавфсизлик чоралари аллақачон кўрила бошланди.
Англиянинг Янги Уолтем шаҳридаги тадбиркорлик ва ишбилармонлик коллежида эшикдан кираверишда махсус тезкор алоқа воситаларини фош этувчи сканер ўрнатилди. Агарда қай бир ўқувчида телефон топиладиган бўлса, махсус хизмат вакиллари уни дарҳол мусодара қилиб, ота-оналарига бериб юбормоқдалар. Швеция олимларининг баёнот беришича, акустик тўлқинлар марказий нерв системасига салбий таъсир кўрсатади. Айнан телефон қайси тарафда фойдаланилса, шу тарафдаги мия фаолиятини кўпроқ кучсизлантирмоқда ва зарарли ўсимта ҳосил бўлишига олиб келмоқда. Бу эса, ўз навбатида, ҳар йили 100000 нафар кишининг эшитиш системасини ишдан чиқариб, келажакда кар бўлишга олиб келмоқда. Натижада улар ўсимтани йўқ қилиш учун хирурглар хизматидан фойдаланишга мажбур бўлаяптилар.
Аксарият ҳолларда операциялар ижобий кечиб, киши эшитиш қобилиятини сақлаб қолади. Ҳар йили эса Буюк Британиянинг 4700 фуқаросида мия ўсимтаси аниқланаяпти, уларнинг сони охирги 30 йил ичида ўртача 45 фоизга кўпайган. Афсуски, ўсимта пайдо бўлишининг асосий сабаблари ҳали тўлиқ ўрганиб чиқилмаган. Шу сабабдан асосий хавф қаердан келиб чиқаётгани ва оқибатлари тўлиқ аниқланмаган. Бунинг учун ҳали кўп йиллик текширувлар ва тадқиқотлар ўтказишга тўғри келади, лекин ҳар эҳтимолга қарши ортиқча нурланишдан сақланиш мақсадга мувофиқ бўлар эди, деб огоҳлантирмоқда олимлар.