… Ёрқин қизил ва сариқ ранглар, қовурилган каштан ёнғоғи ҳамда ҳар қанча ғалати туюлмасин, ёқимли, бироқ аллақандай газлар аралашмасидан ҳосил бўлган ҳид келувчи кўчалар, қурилиш кранларининг «шовқини» ва улар барпо этган баланд бинолар, доимо тиқилинч поездлар, кулимсираб юрадиган мўйсафид чоллар ва ўзини катталардек жиддий тутиб қўювчи болакайлар ҳамда ўта пишиқ сотувчилар… Булар бир бутунликда замонавий Хитойнинг ташқи кўринишини кўз олдимда гавдалантиради.
Ҳар куни шаҳардан ташқарига – дарс машғулотлари ўтказиладиган университет корпусига қатнайдиган автобусга ўтирганимда, йўлда учрайдиган Хуанхе дарёси, тоғнинг қоқ ўртасидан тешиб ўтган тоннеллар, сиёсатдан муҳокама қилиб кетишни хуш кўрадиган кекса йўлдошлар ҳам шулар жумласидан…
Албатта, булар, Конфутсий Ватани, 5 минг йиллик тарих ва Биринчи император – Чин Шиҳуанди Терракоталари, Буюк Девор барпо этилган, биринчи босма китоб, компасни яратган, илк марта фарфор, ипакни ишлаб чиқаришни ўйлаб топган Хитойни тасвирлашга камлик қилади. Аслида, Хитой – жуда катта мавзу, у ҳақда жуда кўп вақт гапириш мумкин. Кузатаверсангиз, бу ўлка ва унинг аҳолисига тегишли кўпгина характерли жиҳатлар намоён бўлади.
«Кузатув»ни кичик манзаралардан бошласам. Олайлик; чет элликни хитойликлар «ваигуорен» ёки «лаоваи» деб аташади. Яъни, «ташқари» ёки, айтиш мумкинки, «чет мамлакат одами» ва «ташқаридаги», «четдаги» оғайни (ёки қария, деса бўлади)». Ҳа, биз – ўзбеклар тили билан қиёсласак, бунинг ҳеч қандай ажабланарли томони йўқ. Лекин «чет эллик» атамаси Европа халқларида, масалан, русларда бошқа шакл-маънони беради: «иностранетс», яъни, тахминан, «бошқа ерлик» каби. Эътиборли тарафи шундаки, хитойликларда «бошқа» эмас, айнан – «ташқари» маъноси қўлланилган. Биз, фикримча, «чет эллик» атамасини тарихан Осиёнинг Марказида жойлашганимиз учун ишлатганмиз. Хитойга келсак, бу борада муҳим нуқтани тилга олиш зарур. У ўзини ҳақиқатан ҳам Дунёнинг Марказий, асосий давлати деб билади. Қолаверса, бу унинг номланишидан ҳам маълум: «Жонггуо» («Ўртадаги давлат», «Марказий давлат»). Ер шаридаги географик жойлашув жиҳатидан ҳам Хитой дунёнинг ўртасидаги ўлка ҳисобланади. Бу ернинг одамлари
учун «дунёда Хитойдек давлат бор… Ҳа, айтгандай, унинг теварагида ҳам бошқа баъзи ўлкалар мавжуд».
Хитойнинг ўзига бўлган бундай кучли ишончи тарихий-эволюцион илдизларга эга. Инсоният ривожланиши ва дунёдаги илк административ давлатчилик тарихига назар солинг: хитойликларнинг бу борадаги мавжуд ютуқ-ҳиссалари жуда улкан.
Ўтмишдан маълум, Хитой кучайгани сари ерини ҳам имкони борича кенгайтиришга ҳаракат қилган. Бир манбада кузатгандим, унда шундай қараш бор эди: «хитойликлар учун бутун дунё Уйдир. Чет элликлар эса оддийгина «ҳали хитойлашмаган» одамлардир холос(!)» Қолаверса, тарихдан маълумки, мазкур мамлакатга кўчиб келган бутун-бутун халқлар ёки бостириб кирган қудратли қўшинлар вақт ўтиши билан хитойлашиб, миллат сифатида йўқ бўлиб кетишган. Чингизхоннинг набираси Хубилайхонни эсланг; унинг бошчилигидаги мўғуллар Хитойда Юан династиясига асос солиб, империя пойтахтини Қорақурумдан Пекинга кўчиришдию, бироқ кейинчалик шу ўлкада миллат сифатида ном-нишонсиз йўқолиб кетишди. Хубилайхон номини Хонбалиқ деб ўзгартирган Пекин ҳам ўз номига қайтди…
Балки шунинг учун ҳам Хитойга Аждар тимсоли берилгандир? Аждар эса Хитой афсоналарида сув, денгиз қудратининг рамзи ҳисобланади. У узоқ вақт уйқуда бўлиб, пайти келганда уйғонади; кўкка кўтарилиб, бутун ер юзига ёпирилиб тушади; барча Эскини йўқ қилиб, четга супуриб ташлайди… Бугун Хитой қаддини ҳали тиклаганича йўқ. Унинг учун ҳали ҳаммааси олдинда. Зеро, Келажак ҳақида хитойликларнинг фақатгина ўзига хос, бошқа миллатларникидан тубдан фарқланувчи тарихий тушунчаси ва унга ёндашуви мавжуд. Улар учун Эртанги Кун бугунгисидан ёмонроқ, инқирозга яқинлашаётган Кун эмас, балки, янги, Эҳтиёжларни қондирадиган, Имкониятларни очадиган Кундир. «Порлоқ Келажак» сўзи Хитой учун халқни ҳаракатлантиришга ундайдиган оддийгина «бонг» ёки агитация эмас – у бутун бир позицияларни ҳаракатлантиришга асосланган табиий бир пайтдир.
Хитойликлар бошқа халқлардан келадиган деярли барча техник ва бошқа моддий янгиликларни тез ўзлаштириб оладилар, ҳаётга тадбиқ эта оладилар, бироқ Четнинг маданияти ва турмуш тарзини жуда қийин ҳазм қиладилар. Тўғри, улар сизнинг маданиятингиз, тилингиз, юриш-туришингизга қизиқиш билан қарашади, айтайлик, кўчада юрсангиз ёнингизда кетаётган хитойликларнинг сизга қаратилган, негадир ажабланган нигоҳини сезасиз. Бирор жойга борсангиз, олдингизга келиб турли саволларга тутишади ва ҳоказо. Бироқ буларнинг ҳаммаси оддийгина қизиқиш, холос, бундан ортиқ нарса эмас. У сизга нисбатан меҳмондўст ва яхши кўмакдош бўлиши мумкин, бироқ яхши «йўлдош» бўлолмайди. Аниқроғи, сиз унга тўғри келмаслигингиз мумкин. Хитойлик учун энг яхши «йўлдош» фақатгина хитойлик бўла олади. Айнан шунинг учун бегона жойларда, хусусан, АҚШда «Чина Товн»лар пайдо бўлади, ёки ҳеч бўлмаса, худди Россиядаги ҳолатдек, фақат хитойликлар яшаши учун катта-катта меҳмонхоналар ёки ётоқхоналар бутунлигича сотиб олинади…
Кўчада юрганингизда бирор-бир хитойлик сизга қараб “ҳелло” дейиши мумкин, лекин унинг ёнига борсангиз, суҳбатингиз узоққа чўзилмаслигига амин бўласиз. Нарса сотиб олаётганингизда пулингизни санаб бўлиб, “Ўкей” (ёки унинг хитойча «варианти» – «окайле») дейишлари мумкин, бироқ бу уларнинг инглизчани билишларидан дарак бермайди. Шу ўринда қизиқ ҳолат: кўпчилик хитойликлар назарида ҳамма чет элликлар инглиз тилини мукаммал билишади – сиз бу тилда сўзлай олмаслигингиз эҳтимоли уларни ўйлантирмайди ҳам. Бундай вазият кулгингизни қисташи табиий, бироқ гап Хитой вакиллари ҳақида кетяпти, буни эътиборга олиш лозим. Фикримча, мазкур ҳолатга бошқача ёндашув билан қараш керак. Хитой – бу Хитой, унинг учун “ташқаридаги” давлатлар тили ва маданиятининг, жуда қўпол қилиб айтганда, кераги йўқ! У, аксинча, Бутун Дунё хитойчалаб гапиришини ҳоҳлайди! Чет эллик кун келиб, “ҳелло” эмас, “ниҳао” деб мурожаат қилишини истайди. Бугунги кунда бу оддийгина истак эмас, катта бир Мақсадга айландики, бу борада улкан ишлар амалга оширилмоқда. Соддагина мисол: бугунги кунда Хитой чет элга энг кўп миқдорда ўқув грантлари ажратаётган давлат ҳисобланади.
Хитойга келишимдан олдин кузатмаганим – кўчаларда одамларнинг ўз ишлари билан шошиб ҳаракатланишларини кўриб қойил қоламан. Шунда хаёлга бир нарса келади: “бу ерга келишимдан олдин кўчаларда ухлаб юрадиган одамларни кўрган эканман”. Нима бўлганда ҳам, бугунги хитойликлар келажакка катта ишонч билан қарашмоқда. Миллатнинг руҳи эса, шубҳасиз, мамлакатнинг ҳаётига таъсир қилмай қолмайди.
Ўз вақтида Наполеон Бонапарт Жаҳон Ҳамжамиятига қарата: «Хитойни уйғотманг!» деб кетган экан… Бироқ… Бир вақтлар мустамлакачилар томонидан хорланган, ўз юртидаги дарвозаларда “итлар ва хитойликларга кириш ман этилади” деган ёзувни ўқишга мажбур бўлган миллат “уйғона бошладии”…
Таниқли рус иқтисодчиларидан бири А.Н.Анисимовичнинг келтириши бўйича, «Хитой ҳозирда реал иқтисодий сектор ҳажмидан олиб қараганда “Марказий давлат”га айланди”. Яна унинг таъкидларини келтириб ўтиш жоиз: “бу борада у АҚШни аллақачон ортда қолдирган. Худди АҚШ ўз вақтида, Биринчи Жаҳон урушида иқтисодий салоҳияти орқали собиқ «Дунё Эгаси» Буюк Британия империясини мағлуб қилганидек. Ва бу осон ва шовқинсиз – АҚШ СССР билан курашаётган бир вақтда, ундан сўнг, бутун жаҳон бўйлаб “демократия ёювчиси” ролини ўйнаётганида рўй бериб ўтди.
Бугунги кунда, Ислом ва Европа-Америка сивилизацион системалари бир-бири билан курашаётган пайтда ХХР ҳам худди шундай, табиий равишда, бу курашнинг ниҳоясидан қатъий назар, ғолиб давлатга айланиб қолмоқда».
Дарҳақиқат, Хитой тарихида кузатилган ўзига хос “хронологик” давр келганга ўхшайди: маълум вақтдаги танаффусдан сўнг, бу мамлакат яна ўзининг тарихий ўрнига қайтяпти. Жаҳон ҳамжамиятида бу борада кўплаб баҳс ва фикрлар туғилмоқда. “Guardian” ва “New Statesman”нинг таҳлилчиси Мартин Жакнинг “Янги давр Хитойнинг кучаюви ва АҚШнинг инқирозини башорат қиляпти” версияси асосига қурилган «Хитой Жаҳонни бошқарганда» бестселлер китоби ҳам бу баҳсларнинг кичик бир қисмини ўзида ифодалайди.
Жаҳон иқтисодий инқирози сабаб йирик-йирик корпорациялар банкротлик эълон қилаётган бир пайтда, хитойликлар Британиянинг обрўли Mg Rover автокорпорасиясини сотиб олгач, АҚШнинг «Ҳаммер» авто-брендини ҳам харид қилишга уриндилар. Бундан натижа бўлмаганидан сўнг, Американинг «Форд»ига тегишли Швециянинг «Волво»сини сотиб олиб, немисларнинг қимматбаҳо люкс-автомобиллар ишлаб чиқарувчи «Майбач» корпорациясини харид қилишга тайёр эканликларини эълон қилишди…
Жорий Жаҳон иқтисодий инқирозида Хитой улкан ютуқлари билан бутун дунёни ҳайратда қолдиряпти. Ҳозирги қалтис даврда кўпгина давлатлар илгариги «Бутунжаҳон қалбаки маҳсулотлар ишлаб чиқарувчи маркази» – Хитойда ўзининг Қутқарувчисини кўрмоқда. Қолаверса, АҚШнинг Global Language Monitor таҳлилчилари Хитой иқтисодиётини собиқ ўнйиллик (2000 – 2010)нинг энг асосий воқеаси деб эълон қилишди. Қайд этиб ўтиш лозимки, мазкур «рейтинг»да Ироқ ва Афғонистон урушлари, «қонли 11 cентябр», 2008 – 2009 йиллардаги Глобал иқтисодий ретсессия Хитой иқтисодий «портлаши»дан кейинги ўринларда турибди. «The Daily Telegraph»нинг келтиришича, «Глобал Лангуаге Монитор»нинг президенти Пол Пеек бу борада шундай деган: «Хитойнинг янги иқтисодий чўққиларни забт этиши Дунёдаги Халқаро-глобал ҳаётга таъсир қилаяпти ва Хитой ўз қудрати билан бундай системанинг Реформатори ролини бошқармоқчи эканини эълон қилмоқда…»
Умуман, Хитойнинг бугун эришаётган чўққилари кўп. Уларни узоқ давом эттириш мумкин. Шу билан бирга, бундай натижалар сабаблари ҳам бисёр.
«Биз – миллионлармиз, бироқ қалбан ягонамиз» – ХХРнинг давлат мадҳиясида учрайдиган бу сўзлар, фикримча, хитойликларнинг бугунги ютуқларини илдизларини ўзида ифода этади. Ҳа, бугунги Хитой нафақат давлат ҳаракатининг натижаси, балки, салкам 1 ярим миллиард одамдан иборат халқнинг ҳам мевасидир. Катта авлод ўзининг 70-80 ва ҳаттоки, 90 йиллик ёшига қарамай, эрта тонгда бадантарбия қилиб юрганини ёки Хитой фалсафаси бўйича бахт ва соғлиқ уйғунлигига эриштирувчи “Таижичуан” спорти билан шуғулланаётганини кўриб, “Кекса Хитой” ҳеч қачон қаримаслигига амин бўласиз. Дўконларда бирор-бир китобни сотиб олишга пули етмаса, бинода қолиб, зинапояларда ўтириб шу китобни мутолаа қилаётган хитойликка қараб, Хитойнинг ривожи қуруқ омаддан иборат эмаслигини биласиз. Айнан шундай мутолаага ҳам йўл қўйилганини кўриб, қойил қоласиз. Тан олиш керак, ажабланарли ҳолат: кичик имтиҳондан ўтолмаганидан йиғлаётган талабани учратганингизда, уч-тўрт қаватли катта кутубхоналарда дарс қилишга бўш жой тополмаганингизда ХХРнинг бугунги ютуқлари сабабини топасиз…
Жалолиддин Саъдинов