ёхуд авлодлар ўртасидаги зиддият
Йигирма тўрт ёшли Арши Уппал Ню Деҳлидаги тунги клубда оёғини чалиштириб ўтирибди. “Шанба куни нима қиламиз? — дея сўрайди у. — Шанба куни ўйин-кулги, якшанба куни ўйин-кулги. Бутун ҳафта давомида ўйин-кулги. Ўйин-кулгисиз ўтадиган бирор кун йўқ”. У калта юбка кийган, қўлида эса сигарета буруқсайди.
Уппал асли панжоблик, анъаналарга қаттиқ риоя қилувчи сикҳ оиласидан. Яқинда турмушга чиққани учун ҳозир эркин. Ҳар ҳафта шу ерга турмуш ўртоғи билан кўнгил ёзгани келади. Жияним севганига турмушга чиқишига рухсат беришмагани учун йигити билан қочиб кетди, — дейди у оиласидаги ҳолатни тасвирларкан. — Кейинроқ қайтиб келганда, қариндошларим уни номус учун ўлдиришди…”…
Бир неча йил олдин фақат беш юлдузли меҳмонхоналардагина топиш мумкин бўлган хориж спиртли ичимликларини бугун исталган жойдан сотиб олса бўлади. мумкин. Тунги клублар ўтган асрнинг 90-йилларидан сўнг ёмғирдан кейинги қўзиқориндек кўпайиб кетди. Истаганингни қил, бировга зараринг тегмаса бўлди, деган демократиянинг олтин қоидасидан бугунги ҳинд ёшлари унумли фойдаланаётган кўринади.
“Уч-тўрт йил олдин агар бироз замонавийроқ кийинсангиз, ҳамма сизга қарарди, — дейди Уппал, — ҳозир кўчаларда бемалол ўпишишяпти. Нима хоҳласангиз, қилаверасиз, бу табиий ҳолга айланган”.
Ҳиндистон аҳолисининг ўрта қатлами 90-йиллардан кейинги иқтисодни эркинлаштириш сиёсати орқали бойиб кетди. Ташқи дунё билан очиқ алоқага кириб, ҳамёни тўлган бу қатлам ғарб маданияти, турмуш-тарзини ҳам ўз ҳаётига олиб кирди. Бу ёш авлоднинг сони бугун бутун бошли АҚШ аҳолисига тенг.
“Беш йил бурун кўчада сигарета чекадиган аёлни умуман топиб бўлмасди. Бар-клубларда ҳам аёллар чекмасди,” — дейди Кашиф, тамаки тутатиб ўтирган бир неча аёл даврасида ўтираркан.
Иқтисоднинг жадал ривожланиши, унинг натижаси сифатида юзага келган янги ғарб ва медиа маданияти Ҳиндистон ёшлари ҳаётида жиддий ўзгариш ясади. Бу янги авлод Маҳатма Гандини ҳурмат билан тилга олиб, сари кийишни унутмаган бўлса-да, аксарияти жинси кияди, «МТВ» томоша қилади.
Ҳиндистон аҳолисининг 47 фоизи 20 ёшдан кичик. Улар орасида ўсмирлар сони 160 миллион. 2015 йилга бориб 20 ёшдан кичиклар сони аҳолининг 55 фоизини ташкил этиши кутилмоқда.
Ёшлар, асосан, ўйин-кулги билан вақт ўтказишяпти. Сиёсат, жамиятдаги янгиликлар билан ишлари йўқ. “Бугун Парламент портлаб кетсаям, ёшларнинг бирортаси пайқамайди,” — дейди маркетинг бўйича маслаҳатчи Рама Бижапуркар.
Ҳа, филлар юртида замон ўзгарди. Бугунги Ҳиндистонни кеча билан таққослаб бўлмайди. Бугун мамлакатда иккита Ҳиндистон бор: бири — уятчан, тобе ва сотсиалист бўлиб ўсган кекса авлод Ҳиндистони; иккинчиси — йиртиқ жинси кийиб, «кола» ичадиганларнинг капиталист Ҳиндистони. Кекса авлод Ҳиндистони уч уруш кўрди, кўплаб табиий офатлардан азият чекди. Улар давлат назоратидаги битта телеканал, уч русумдаги совун ва ўн йиллар давомида ўзгармаган бир-икки машина билан кифояланишди. Сиёсий ҳаёт ҳам жуда оддий эди, Конгресс партияси қайта-қайта сайланаверарди.
Бугунги авлод юзлаб кабел ва сунъий йўлдош телеканалларини кўради. Виакомнинг «МТВ» ва Руперт Мурдокнинг мусиқа каналларисиз уларнинг ҳаётини тасаввур қилиш қийин. “Оқил ўйлаш ва оддий яшаш ҳақидаги эски Браҳман қоидаси бугун эскирди. Ўрнини «МТВ» маданияти эгаллади”, дейди “Пепси Ко Инк. Индиа“нинг маркетинг бўйича директори Вибҳа Риши.
Маданиятдаги ўзгаришлар инқилобий даражада. Ҳуқуқшунос ота ва ўқитувчи онанинг ўн бир ёшли ёлғиз фарзанди Самарс Морайнинг хоббийси компютер ва ўйинлар. Идеалидаги қаҳрамони эса Тед Тёрнернинг «Картун Нетворк» каналидаги Капитан Планет.
«Кока Кола»компанияси ўтказган сўровга кўра, қишлоқ ва шаҳарлардаги барча ҳинд ёшларининг ягона орзуси — бой бўлиш. Бунга эришишнинг йўлини улар бизнес ва таълим орқали деб билишади. Илгари энг кўп орзу қилинадиган карера давлат хизмати, муҳандислик, тиббиёт каби соҳалар бўларди. ¥озир ёшлар эътиборида энг жозибадор иш сифатида ахборот технологиялари ва масс-медиа турибди.
Ахборот технологиялари жуда тез ривожланяпти. Сўнгги икки йилдан бери ҳар ҳафтада иккита янги ахборот технологияларига оид фирма рўйхатдан ўтмоқда. Бизнесчиларнинг 55 миллион долларли маблағга эга «Драпер Индиа» фонди директори Киран Надкарни, ёши ҳам яшариб боряпти, деган фикрда. Уларнинг ўртача ёши ҳозир 40 дан 25 га тушган.
Иқтисоднинг либераллашуви ҳиндлар маданиятини, турмуш тарзини ҳам либераллаштирди. Либерализация ҳинд ёшлари учун янги идеал қаҳрамонлар яратди. Масалан, «Майкрософт» компанияси раҳбари Бил Гейтс мамлакатда жуда машҳур. Маҳаллий тадбиркорлардан «Инфосис Текноложис Лтд» раҳбари Нараяна Мурти ҳам ёшлар учун афсонага айланган. Унга мусиқа, кино оламидаги шахсларга сиғиниш даражасида талпинишади.
Таълим тизимида энг машҳур ўқиш — компютер курслари. “Бу ҳатто ёшларнинг дини даражасига чиққан,” — дейди «Инфосис Ахборот Технологиялари» компаниясининг кадрлар билан ишлаш бўлими бошлиғи Равичандер.
Инфосис ҳар йили ишга қабул қилинувчилардан 280 минг ариза қабул қилади. Хусусий компютер курслари ўқитадиган марказлар гуллаб-яшнаяпти. Сўнги уч йил ичида пойтахтдаги Ахборот технологиялари миллий институти (НИИТ) ва Бомбейда жойлашган «Аптек» 300 дан ортиқ шаҳардаги ўқув марказлари сонини 2500 тага оширган.
Интернет ёшлар учун ҳаётнинг ажралмас қисмига, кўнгил ёзадиган, кўнгилхушликнинг исталган турини хоҳлаган вақтда “аноним” тарзда амалга ошириш мумкин бўлган воситага айланган. Бугун глобал муаммога айланиб улгурган интернет ҳинд ёшлари ахлоқидаги салбий ўзгаришлар учун ҳам асосий сабаб бўлиб турибди.
Ёшларнинг миллий қадриятлардан йироқлашиб бораётгани бугун ҳукумат даражасидаги муаммога айланган. Бунинг салбий оқибатларини камайтириш юзасидан тегишли чора-тадбирлар ҳам ишлаб чиқилмоқда. Масалан, 1986 йили Ҳиндистон Таълим бошқармаси “Таълим тўғрисида миллий сиёсат лойиҳаси”ни тайёрлади. 5200 дан ортиқ ўқув муассасаси учун мўлжалланган бу дастурда мамлакатнинг сиёсий, ижтимоий ҳаёти ўтиш босқичида экани ва бу даврда азалдан урфда бўлган миллий қадриятларнинг йўқолиши хавфи кучайгани куюнчак билан тилга олинган. Лойиҳа бу хавфни бартараф этиш учун қадриятларни ўқитишни таълим тизимига киритиш лозим деб ҳисоблайди. Бу борада нодавлат ташкилотлар ҳам Таълим бошқармаси билан бир фикрда. Улар ўтказган тадқиқотлар миллий қадриятларни, ахлоқ-одобни таълим тизими орқали ёшлар онгига киритиш зарур эканини кўрсатмоқда.
Ҳиндистонда мустақилликдан сўнг йўлга қўйилган таълим сиёсатида кўпроқ секуляр ва марказлашган тизимга хизмат қилувчи кадрлар тайёрлашга эътибор қаратилганди. У ижобий ва салбий натижалар берди. Ижобий натижаси шу бўлдики, Ҳиндистон таълим тизими дунё иш бозорида рақобатбардош доктор, менежер, инженер каби мутахассислар ярата олди. Салбий томони, бу кадрлар ахлоқан нокомил, маънан тарбиясиз бўлиб ўсди, чунки уларга умумий ахлоқий тарбия бера оладиган муҳит бу тизимда мавжуд эмасди. Мамлакатдаги машҳур “Ҳинду” газетаси муҳаррирининг айтишича, Ҳиндистон олий ўқув юрти битирувчиларининг 80 фоиздан зиёди чет элга пул ишлаш учун чиқишни истайди. Аксар малакали мутахассислари чет элга кетишни хоҳлайдиган юртнинг эса келажаги йўқ.
Ахлоқ тарбиясини ва қадриятлар моҳиятини етказадиган диншунослик, этика, ижтимоий назария каби фанлар яхши ривожланмаган ёки ўқитиладиган мавзуларининг қамров доираси тор. Бу бўшлиқни тўлдирувчи янги ўқув қўлланмалари ва дастурларни яратишга уринишлар бор. Масалан, Бутун Ҳиндистон насоролар таълим Ассосиацияси бу борада ўз дастурларини ишлаб чиққан. Улар дин, ахлоқ, ижтимоий муаммолар каби ахлоқ-этикани тарбияловчи фанларни йўлга қўйиш билан бирга, математика, тилшунослик, физика, биология каби аниқ фанлар бўйича ўқув қўлланмаларини яратишда ҳам диншунос ва назариётчиларнинг маслаҳатларидан фойдаланишни кўзда тутади. Бу, асосан, насоро жамияти талабалари учун амалга ошаётган бўлса-да, ҳинду ва мусулмон жамиятлари ҳам ўз доираларида шунга ўхшаш фаолиятларни олиб бормоқда. Айни пайтда динлараро дўстлик алоқаларини мустаҳкамлашга ҳам таълим тизимининг муҳим вазифаларидан бири сифатида қаралади. Чунки этник ва диний зиддиятлар қонли тўқнашувларгача ет
иб борган Ҳиндистондек мамлакат учун бу жуда зарур.
Хуллас, Ҳиндистон ёшлари ва кекса авлод орасида узилиш бор ва у вақт ўтган сари кенгайиб боряпти. Бу юрт аҳолисининг аксарини 25 ёшдан кичиклар ташкил этади. Мамлакатнинг эртаси шу ёшлар қўлида. Демак, бир неча ўн йилликдан сўнг Ҳиндистон бугунги енгилтак ёшлар қўлига ўтади. Бу эса кекса авлоднинг ҳақли ташвишига сабаб бўлмоқда.
П.С.: Деҳли университетида ўқиб юрганимда ҳинд танишларимдан бири бир куни, “Нечта юрадиган қизинг бор?”, деб қолди. “Битта ҳам йўқ”, десам, хохолаганча, “Ҳазилкаш йигит экансан-ку”, деди.…
Ёнида юрадиган қизи бўлмаган йигитнинг, улар назарида, эс-ҳуши, соғлиғи жойида эмас. Ҳа, Ҳиндистон ёшлари бугун шу даражага етишди, улар шундай яшашмоқда.
Бу муаммо, бу ҳолат бугун глобал даражада десак хато бўлмайди. Айни ҳолатнинг маълум даражадаги кўриниши юртимиз учун ҳам хос. Ўзбекистон ёшлари орасида ҳам бугун оний лаззатлар кетидан қувувчи енгилтаклар пайдо бўлмоқда. Бу жуда ташвишланарли ҳол. Чунки эртага Ўзбекистон шу ёшлар қўлига ўтади: яъни мамлакат тақдирини ёшлар ҳал қилади. Маънан бузуқ, ахлоқан тубан инсондан эса халқ фаровонлиги учун хизмат қилувчи ҳалол-пок кадрларнинг чиқиши даргумон. Шунинг учун бу муаммога жиддий ёндашиш — давр талаби экани инобатга олиниб, таълим муассасаларида бу борада тегишли чора-тадбирлар, махсус дастур ва ўқув курслари ташкил этилган. Бироқ билим масканларида ёшлар ўртасида миллий қадриятларимизни асраш, тар²иб қилиш, ахлоқ-одобни ўргатиш масалаларига янада чуқурроқ ёндашиш зарур. Бунда, менимча, энг самарали усул бу каби курс ва дастурларни ўқитиш ишлари айнан маънавиятли, ахлоқ-одоби билан одамлар орасида ҳурмати бор кишиларга, яъни ўз эгаларига топширилиши
керак. Чунки ўз сўзига амал қиладиган одамнинг айтган гапи таъсирчан бўлади. Мур²ак қалблар уни тез қабул қилади. Тирик намунани кўрган ёшларнинг ўрганган нарсаларини ўз ҳаётларига татбиқ қилишлари ҳам осонлашади. Зеро, Кадрлар тайёрлаш миллий дастурида ҳам маънан ва ахлоқан етук кадрларни тайёрлаш бежиз таълим тизимининг асосий мақсадларидан бири сифатида кўрсатилмаган. Маънавияти юксак ёш авлодни тарбиялаш юрт раҳбарининг ҳам доимий эътиборидаги масала бўлиб келаётгани сир эмас.
Аммо муаммо шундаки, бу чора-тадбирлар кўп такрорлангани боис айримлар учун эриш мавзуга айланган. Худдики, булар сийқаси чиққан гаплар.
Сийқаси чиққани эҳтимол ростдир. Чунки яхши сўз ҳам кўп такрорланса қулоққа ёқмай қолади. Демак, мавзунинг аҳамиятини сақлаб қолиш учун мақсадга эришишнинг бошқа йўлларини излаб топмоғимиз, етказиш услублари ва дастурларини янгиламоғимиз керак бўлади.
Бу — катта мавзунинг бир қирраси, холос. Бу ҳақда ҳали кўп гапириш мумкин.
Яна бир карра айтиш мумкин бўлган ҳақиқат шуки, маънавиятсиз халқнинг келажаги йўқ.
Беҳзод Мамадиев,
“Маърифат” газетасидан